Самарқандлик хаттот кўчирган Қуръон нусхалари “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилиши кутилмоқда

Самарқандда “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилиши мумкин бўлган беш нусхада кўчирилган Қуръони Каримнинг қўлёзма нусхалари сақланмоқда.

Қуръоннинг мазкур нусхаларини кўчирган хаттот, Самарқанд шаҳрининг Навбаҳор маҳалласи яшовчи 83 ёшли Шавкат бобо Истамовдир. "Ҳунарманд" уюшмаси аъзоси бўлган отахон 15 йил давомида муқаддас китоб нусхаларини кўчирган. Шундан кейин хаттот «Гиннеснинг рекордлар китоби» маълумотлари йиғиладиган ташкилот томонидан юборилган билдиришномани олади. Устага унинг ишлари эътиборга олингани ва дунёда шунга ўхшаш китоб бор-йўқлиги тўғрисида текшириш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Хаттотлик қадимий, ноёб ва масъулиятли ҳунар, - дейди Шавкат бобо. - Болалигимда отамнинг тарихий қўлёзмаларни кўчиришига қизиқиб, араб ёзувининг ўзига хос хусусиятларини ўрганганман. Кунларнинг бирида отам раҳматли Бибихоним масжидига олиб бориб, Қуръон китобини қўйиш учун қадимий дастгоҳ - мармар тошдан ясалган улкан лавҳ (Қуръон ўқиладиган махсус курси) ни кўрсатганди. Ўшанда бу лавҳ учун албатта китоб ёзишни, Қуръон оятларини кўчиришни дилимга тугиб қўйгандим. Аллоҳга шукр, ниятимга етдим - Тошкент политехника институтида ўқидим ва талабалик йилларим пойтахтдаги Шарқшунослик институти қошидаги хаттотлик тўгарагига қатнашиб, хаттотлик илмини ўргандим. Афсуски, у вақтларда хаттотлик билан шуғулланишга рухсат йўқ эди. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, анъаналаримиз қайта тикланиб, ижоднинг бу турига қизиқиш уйғонди ва хаттотлик яна ривожланди. Хаттотлик ҳақидаги кўчирган илк асарларимдан бири шарқ адабиёти классикларининг шеърий асарлари акс эттирилган қўлёзма китобларидир. Мазкур китоблардан Умар Хайём, Рудакий, Ҳофиз, Шерозий, Аҳмад Яссавий, Паҳлавон Маҳмуд, Алишер Навоий ва бошқа сўз усталарининг асарларини кўчирдим. 1995 йилдан бошлаб муқаддас китоб - Қуръони Каримнинг нусхаларини кўчиришга киришдим ва Қуръонни беш марта қайта кўчиришга муваффақ бўлдим. 100 килограмлик, бўйи қарийб 2 метр бўлган Қуръоннинг сўнгги қўлёзма нусхасини Бибихоним масжидидаги қадимий лавҳга қўймоқчиман.

Шавкат бобо томонидан Қуръоннинг қўлда кўчирилган нусхаларнинг бебаҳолиги шундаки, хаттот қўлёзмани халқаро стандрат формат қоғозларига А4, А3, А2, А1, А0+4 форматларида кўчирган. Устоз ўз асарларида араб ёзувининг энг кенг тарқалган ва қулай услуби - “Усмоний”дан фойдаланган. Қуръони Каримнинг илк кўчирилган нусхаси “Ҳафтяки шариф” (қолган нусхалар Қуръони Карим номи билан аталган) бўлиб, А4 форматда (297х210), 80 варақ, оғирлиги 1 килограмм. Иккинчи нусха А3 форматда (297х420), 110 варақ, оғирлиги 5 килограмм. Учинчи нусха А2 форматда (594х420), 154 варақ, оғирлиги 16 килограмм. Тўртинчи нусха А1 форматда (594х841), 310 варақ, оғирлиги 40 килограмм. Бешинчи нусха А0+4 форматда (865х1500),  310 варақ, қалинлиги 12 сантиметр, оғирлиги 100 килограмм.

Самарқандда хаттотлик мактаби очилса...

Шавкат бобо 2018 йилда “Ҳикматлар олами” I республика хаттотлик фестивалида қўлёзмалари билан иштирок этиб, “Қуръон хаттотлиги” номинацияси ғолиблигини қўлга киритган. У киши билан суҳбатлашар эканмиз, Самарқандда хаттотлик санъатини ривожлантириш борасида қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида ҳам фикрларини билдирди.

- Ҳозир хаттотликни биладиган ва бу ҳунар билан шуғулланадиганлар саноқли, - дейди  Шавкат бобо Истамов. – Чунки соҳада мутахассислар камайиб кетяпти. Тарихимиз, қадриятларимиз ва ота-боболаримиздан мерос қолган қўлёзма ва тошбосма асарларни келажак авлодга ўз ҳолича етказиш учун, аввало, хаттотлик мактаби ёки бўлимини ташкил этиш керак. Жумладан, Самарқанд хаттотлик мактабида Очилдимурод Мирий Каттақўрғоний (1830–1899), Абдулжаббор Ургутий Самарқандий (1885–1910) муҳим ўрин тутган. Лекин ҳалигача уларнинг номи билан аталувчи хаттотлик мактаблари йўқ. Тўғри, олий таълимда, жумладан, Шарқшунослик институтида шундай йўналишлар бор. Лекин бу камлик қилади ва ёшларга болалигидан хаттотлик илми ўргатилса, ота-боболаримиз ва уларнинг асарларига меҳри ошади, миллиий меросимиз авлодларга ҳам ўз ҳолича етказилади.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.