Самарқандлик ёш дастурчилар АҚШнинг етакчи компанияларида ишлаяпти

2030 йилда сунъий интеллектга асосланган хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш режа қилинган эди. Лекин хорижий экспертлар Ўзбекистоннинг салоҳиятини 10 миллиард долларга баҳоламоқда.

Бунинг учун Рақамли технологиялар вазирлиги янада кўп ишлаши, вазирлар, ҳокимлар, тармоқ раҳбарлари эса ҳафтада бир кунини шу соҳани ривожлантиришга ажратиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

– Ҳамма вазирлар, ҳокимлар чет элга борганида сунъий интеллект иқтисодиёт тармоқлари ривожига қандай ҳисса қўшаётгани, аҳолига, бизнесга нима енгиллик бераётганини кўряпти. Бизда ҳам шуни қилса бўладими? Албатта, бўлади, – деди Президент яқинда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида. - Масалан, тармоқлардаги кўплаб корхоналар бизнес жараёнларини рақамлаштириб, харажатларини 10 фоизгача камайтираётгани қайд этилди. Сунъий интеллект ҳам жорий этилса, самарадорлик янада ошиши таъкидланди.

Табиийки, мамлакатимизда жуда тез фурсатларда олиб борилаётган рақамлаштиришда кадрлар масаласининг ҳам ўрни катта. Рақамлаштириш ҳар бир соҳанинг ўзига тегишли дастурчилари ва мутахассислари бўлишини тақозо этади. Хўш, бу масалада аҳвол қандай, соҳадаги янгиликлар нималардан иборат? Бу ҳақда Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали раҳбари ўринбосари, техника фанлари доктори Дилфуза Якубжанова билан суҳбатлашдик.

- Бу йил Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг 70 йиллиги, ушбу университет Самарқанд филиалининг 20 йиллиги нишонланяпти, - дейди Д.Якубжанова. – Табиийки, мазкур ўқув даргоҳи ўтган йиллар мобайнида юртимиздаги барча соҳалар каби такомиллаштирилиб, янгиликларни татбиқ этган ҳолда фаолиятини давом эттирмоқда. Айниқса, бизнинг йўналишдаги олий таълим тизими доимий янгиликлардан бохабар ва буни ўз тизимида ифодалаб бориши керак. Акс ҳолда, малакали мутахассис чиқаришнинг имкони йўқ.

Филиалда айни пайтда уч мингга яқин талаба таҳсил олади. Улар биринчи босқичдан сараланиб, инглиз тилини яхши биладиган ва бошқа фанлардан натижаси юқори талабалар бир гуруҳда жамланяпти ҳамда уларга инглиз тилида машғулотлар ўтилмоқда. Айтиш керакки, шу йил илк бора масофавий таълим тизимида ўқиган талабалар бакалаврни тугатмоқда. Талабаларга IT соҳасида замонавий билимларни бериш учун аввало, педагоглар ҳам ўз устида доимий ишлаши баробарида сунъий интеллект, дастурлаш бўйича бир қатор давлатларда доимий равишда малака ошириб келмоқда. Хусусан, 2022-2025 йиллар давомида 32 нафар педагогларимиз Хитой, Корея, Австрия каби давлатларда турли муддатли малака ошириш курсларида бўлиб қайтишди.

- Ахборот технологиялари соҳасида назарий билимлар билан бир қаторда амалиётнинг ҳам ўрни жуда муҳим, шундайми?

- Албатта. Мамлакатимиз раҳбарининг олий таълим тизими фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича амалга ошираётган ислоҳотлари давомида бир қатор олий таълим муассасалари соҳавий тегишлилигига кўра турли вазирликлар тасарруфига ўтказилди. Бизнинг университет ҳам Рақамли технологиялар вазирлиги тасарруфига ўтказгач, амалиёт билан интеграция юзага келди.

Хитойнинг телекоммуникация ва тармоқлар бўйича дастурий воситалар ишлаб чиқарувчи Huawey компанияси билан яқин ҳамкорлигимиз бор. Ушбу компания мутахассислари томонидан ташкил этилган курслар жуда қиммат бўлиб, унда ҳамма ҳам ўқий олмайди. Ҳамкорлигимиз натижасида ушбу компания филиалимиз махсус ваучерлар тақдим этмоқда ва маълум бир ютуқларга эришган талабалар ушбу компания мутахассисларидан сабоқ олиши мумкин. Шунингдек, 1C компанияси билан ҳамкорлик натижасида ўнга яқин ўқитувчиларимиз махсус сертификатга эга бўлди. Эндиликда қўшимча тарзда, талабалар танловига қараб ушбу дастур йўналиши ҳам тўлиқ ўргатилади.

Кейинги йилларда амалиёт, яъни корхоналар билан интеграция фаол ташкил этилаётгани бугуннинг асосий ютуғи, деб ўйлайман. Чунки аслида ҳам худди шундай.

- Бугун ёшлар орасида дастурлаш, IT соҳасини ўрганиш учун олий таълимда ўқиш шарт эмас, махсус курсларда ҳам етарли билим олиб, зўр дастурчи бўлиш мумкин, деган қараш кўпаймоқда.

- Бугун нафақат ушбу соҳа, балки бошқа кўплаб касбларни онлайн платформалар орқали ўрганиб, у орқали рўзғор тебратиш мумкин бўляпти. Бу ҳам ўз навбатида IT соҳасининг ривожи билан бевосита боғлиқ. Тўғри, шундай курсларда ўқиб, яхши дастурчи бўлиб етишаётган ходимлар жуда кўп. Лекин олий таълим талабанинг дунёқарашини шакллантириш, унинг ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топиши ва муҳими, ўз касбини кенг қамровда ўрганишига катта туртки беради.

Бугунги кунда филиалимизда “Маълумотларни қайта ишлаш”, “Инкубация ва акселерация”, “Карьера ва тил” марказлари фаолият кўрсатади. “Рақамли трансформацияда сунъий интеллект”, “Machine Learning and Intelligence Lab”, “GIS Lab” ҳамда “Natural Language Processing (NLP) Laboratory” илмий-тадқиқот лабораторияларида магистр ва ўқитувчилар илмий изланишлар олиб бормоқда. Бундай лабораторияларда бевосита ишлаш имкони эса олий таълим тизимида мавжуд.

Бугунги кунда филиал битирувчилари АҚШнинг Frost Pixel Studio, Express Scripts каби машҳур IT компанияларида, Япониянинг RIKEI CORPORATION, Жанубий Кореянинг Сежонг университетида, Россиянинг Factor group корпорациясида фаолият юритмоқда. Шунингдек, иқтидорли битирувчиларимиз мамлакатимиздаги бир қатор вазирликларда юқори лавозимларда ишлаяпти.

- Ёшларнинг замонавий технологиялар соҳасида ўзиб кетаётганини бугун кўпчилигимиз кузатяпмиз. Шундай вазиятда талабалар билан ишлаш қийин бўлмаяптими?

- Тўғри, бугун болаларга туғилганиданоқ телефон бериб қўйишмоқда, уларда технология билан мулоқот мурғак ёшидан юзага келяпти. Сал эсини таниган бола интернет орқали изланишни ўрганяпти, бу ҳам ўзига хос кўникма. Кейинчалик ота-оналар эътибор қилса, бу болалар махсус курсларда турли соҳалардаги дастурлар билан яқиндан танишяпти. Айнан шундай изланиш аслида олий таълимда ҳам давом этиши керак. Бутун дунёда олий таълим тизимида шундай усул шаклланган. Ўқитувчининг фақат маърузадан фойдаланиши шарт эмас, у талабага маълум бир йўналишларни бериши керак. Нега чет элда талабалар кутубхонадан чиқмайди? Сабаби, уларга ўқитувчилар фақат кўрсаткичларни кўрсатади, уларни маълум бир ўқувга йўналтиради ва талабалар шу соҳада мустақил изланиш олиб боради. Аммо бу дегани ўқитувчи йўналиш беради бўлди, дегани эмас. Ўқитувчи ҳам, табиийки, изланиши лозим. Муҳими, яхши ўқитувчининг ўз услуби бўлиши керак. Дейлик, у ўз дарсини интерактив доскада эмас, оддий доскада яхшироқ тушунтириши мумкин. Уни Touch Panelдан фойдаланишга мажбурлаш мантиқсиз, деб ўйлайман. Ўқитувчига ҳам эркинлик бериш керак.

Ўқитувчиларнинг хорижда амалиёт ўтаётгани, филиалимизда ҳам замонавий лабораторияларнинг иш олиб бораётгани, умуман, соҳага эътибор туфайли талабаларга бугун етарли даражада билим берилиб, амалиёт ўталмоқда.

Қолаверса, филиал 30 дан ортиқ мамлакатлардаги дунёнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорлик ўрнатган. АҚШ, Жанубий Корея, Япония, Хитой, Россия, Германия, Греция, Италия, Бельгия, Туркия, Сербия, Ҳиндистон, Малайзия, Беларусь каби давлатлар олий таълим муассасалари билан ҳамкорлигимиз бор. Уларнинг тажрибаси доимий ўрганиб борилади ва амалиётга татбиқ этилади.

- Гап рақамлаштириш ҳақида кетаётган экан, ушбу тизимнинг аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Узоққа бормайлик, ўзим фаолият олиб бораётган тизим мисолида айтадиган бўлсам, қатор масалалар турли электрон платформалар орқали амалга оширилгач, олий таълим тизимида коррупция ҳолати кескин камайди. Буларнинг ҳаммаси рақамлаштириш таъсирида бўлди. Яхши биласиз, кейинги йилларда аста-секинлик билан эмас, жуда тезкор суръатда кўп соҳаларда рақамлаштириш тизими кириб келмоқда, инсон омили камаймоқда. Ижтимоий хизматлар, мурожаатлар, қўйингки, қайси соҳани олиб қараманг, уларда IT жадаллик билан жорий этилмоқда.

Алоҳида таъкидлашни истардим, мамлакатимизда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилиниб, соҳанинг ҳуқуқий асослари яратилди. Қисқа даврда давлат хизматлари, банк-молия, жамоат хавфсизлиги, транспорт каби йўналишларда 30 дан ортиқ пилот лойиҳалар ишга тушди.

Ўтган йили сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси тасдиқланди, Рақамлаштириш вазирлигида бу соҳа билан ишлайдиган алоҳида марказ ташкил этилди.

Натижада бир йил ичида мамлакатимиз сунъий интеллектга тайёргарлик бўйича халқаро индексда 17 поғона юқорилади, Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади.

Шунингдек, мамлакатлар тузилмаларида рақамлаштириш индекси бўйича халқаро рейтинглар бор. Кейинги йилларда Ўзбекистон бу рейтингда йилдан-йилга юқори поғоналарни эгаллаётгани қувонарли. Аммо ҳали яхши натижалар олдинда.

Бу эса дастурчиларга эҳтиёж тобора ортиб бораётганини кўрсатиб турибди. Қолаверса, филиалимиз ўқитувчилари томонидан ҳар йили турли соҳаларнинг минглаб вакиллари ушбу йўналишда ўқитилмоқда. Хусусан, шу кунларда тиббиёт соҳаси рақамлаштириляпти, соҳа вакиллари учун ўқувлар олиб борилмоқда.

- Демак, филиал ўқитувчилари нафақат талабалар, балки турли соҳа вакилларини ҳам IT бўйича ўқитаркан-да.

- Албатта, бугунги талаб, қолаверса, рақамлаштириш тизими ҳар бир соҳа ходимидан ўзига тегишли бўлган дастурларда иш олиб бориш кўникмасини тақозо этади.

- Суҳбатингиз учун раҳмат.

 Гулруҳ Мўминова суҳбатлашди.