Самарқандликлар Суғд вилоятидаги Наврўз тантаналарида қатнашмоқда

27 март куни Самарқанд вилоятининг бир гуруҳ фаоллари жорий йилнинг 1 мартида очилган “Жартепа” ва “Саразм” ўтказиш пунктлари орқали Тожикистон Республикасининг Суғд вилоятига йўл олди. 

Бу ерда Самарқанд жамоатчилиги вакилларининг байрам тадбирлари билан бирга турли маданий-маърифий учрашувлар, кўргазмаларда иштирок этиши кўзда тутилган. 

– Икки давлат Президентларининг халқларимиз хоҳиш-иродасини ифодалаб, уларнинг манфаатларини кўзлаб олиб бораётган оқилона сиёсати туфайли бугун чегараларимиз очилди, – дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ҳ.Нормуродов. – Чегараларимиз баробарида икки халқнинг бир-бирига бағри яна ҳам кенг очилди. Дўстлик, яқин қўшничилик ришталари мустаҳкамланмоқда. Тожикистонлик биродарларимизнинг юртимизга ташрифи ва бизнинг ушбу юртга сафаримиз бу алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади, албатта. 
 

Ғолиб ҲАСАНОВ.