Самарқанднинг Отеллоси

Ўзбекистон халқ артисти Таънаберди Қурбонов ҳаёт бўлганида бугун 88 ёшни қаршиларди.

Т.Қурбонов 1935 йил 8 августда Паст Дарғом туманидаги Арабхона қишлоғида туғилган.

У аввал Самарқанд давлат университети, кейин Тошкент театр ва рассомчилик институтида таҳсил олди. Самарқанд вилоят давлат мусиқа ва драма театри (ҳозирги вилоят мусиқали драма театри)да олти йил (1964-1970 йй.) актёр, 25 йил директор ҳамда бадиий раҳбар бўлиб ишлади.

Моҳир санъаткор “Отелло” трагедиясида Отелло, “Қиёмат қарз” асарида Сулаймон ота, “Мирзо Улуғбек” драмасида Улуғбек роллари билан мамлакатга танилди.

Режиссёр сифатида 20 га яқин асарлар саҳналаштирди, театр санъатига оид 100 га яқин мақола, битта китоб ёзди.

Мустақиллик йилларида Т.Қурбонов жамоат арбоби сифатида майдонга чиқди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати этиб сайланди. 1999-2007 йилларда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимини бошқарди.

1974 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, 1978 йилда Ўзбекистон халқ артисти, 2000 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби бўлди.

Халқимизнинг улкан, бетакрор санъаткори Шукур Бурхонов Т.Қурбонов ҳақида шундай деган эди: «Таънаберди, сенинг қалбинг пок, поклигича қолсин! Актёр ўз замонининг жарчиси, ўз халқингга соф хизмат қилгин. Мен сенда ўз Рустамимни, ўз Фердинандимни, ўз Жалолиддинимни, Мирзо Улуғбегимни кўряпман. Фидойи санъаткор бўлиб қолгин…»

Ана шундай санъаткор бўлиб етишган Таънаберди Қурбонов 2015 йилда 80 ёшида вафот этди.