Самарқанднинг саноат салоҳияти қанчага ортди?

Шу йилнинг 30-31 май кунлари Жомбой туманидаги “Sof Expo Samarkand” кўргазмалар мажмуасида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ва Самарқанд саноатчилари форуми бўлиб ўтди.

Кўргазмада 300 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар 1700 дан ортиқ маҳсулот турлари ва ёшларнинг стартап лойиҳалари, илмий ишланмалар намойишлари ҳам ташкил қилинди.

Кўргазмадан кўриниб турибдики, вилоятда саноат ишлаб чиқариш ҳажми ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг турлари кўпайган. Вилоятнинг саноат соҳаси салоҳиятини ўрганиш мақсадида статистик рақамларига эътибор қаратамиз.

Вилоят бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2010 йилда 2 триллион 11,2 миллиард сўмни ташкил этган. Ушбу кўрсаткич 2016 йилга келиб 7 триллион 446 миллиард сўмга етган бўлса, 2022 йил якуни билан 29 триллион 373,6 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Яъни, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2022 йилга келиб 2010 йилга нисбатан 14,6 баробарга ошган бўлса, 2016 йилга нисбатан қарийб 4 баробарга ошганини кўришимиз мумкин. Шунингдек, вилоятда истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2010 йилда 1 триллион 412,4 миллиард сўмни, 2016 йилда эса 5 триллион 79,8 миллиард сўмни ҳамда 2022 йилга келиб 18 триллион 374,5 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

Вилоят бўйича ишлаб чиқарилган истеъмол моллари  аҳоли жон бошига 2010 йилда 442,1 минг сўмдан тўғри келган бўлса, ушбу кўрсаткич 2016 йилга келиб 1 404,1 минг сўмга ҳамда 2022 йилда 4 509,2 сўмга тўғри келган. Ўсиш суръатларини олиб қарайдиган бўлсак, 2022 йилга келиб 2016 йилга нисбатан 3,2 мартага ошгани кўриниб турибди.

Бугунги кунда вилоятимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг юқори қисми Самарқанд шаҳри ҳиссасига тўғри келмоқда. Статистик рақамларга қарайдиган бўлсак, 2010 йилда вилоят бўйича ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг 59,7 фоизи Самарқанд шаҳар ҳиссасига тўғри келган бўлса, 2016 йилда 41,8 фоизини ҳамда 2022 йилда 45,2 фоизини ташкил этмоқда. 2022 йил якунига кўра, 2016 йилга нисбата Тойлоқ туманининг вилоятдаги улуши 7,8 фоиз (2010 йилда 1,8 фоиз) ҳамда Жомбой тумани 10,6 (2010 йилда 3,5 фоиз) Самарқанд тумани 7,0 фоиз (2010 йилда 4,8 фоиз) бўлганини кўришимиз мумкин.

 

Фазлуллоҳ ЭШОНҚУЛОВ,

вилоят статистика бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.