СамДАҚИ: Бу йил 83 нафар магистрнинг 74 нафари давлат гранти асосида ўқийди

Қурилиш соҳаси бўйича мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида абитуриентларни рўйхатга олиш давом этмоқда.

– Янги ўқув йили учун институтимизда 18 таълим йўналиши бўйича кундузги таълим шаклида бакалаврлар тайёрлаш режаси 835 та (245 та давлат гранти, 590 та тўлов-контракт асосида) этиб белгиланган, – дейди Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти қабул комиссияси масъул котиби Ғулом Артиков. – Бу таълим йўналишлари қаторига бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, “Интеръерни лойиҳалаш”, “Иқтисодиёт (тармоқлар ва соҳалар бўйича)”, “Урбанистика, шаҳарсозликни режалаштириш”, “Архитектура ёдгорликлари реконструкцияси ва реставрацияси” йўналишлари қўшилди. Қабул квоталари ҳам аввалги йилларга нисбатан ошди.

Ҳозирда абитуриентлар институтимиз қабул комиссиясига келиб, учтагача таълим йўналиши бўйича тест синовларида қатнашиш учун рўйхатдан ўтмоқда. Бу жараёнда улардан фақатгина паспорт, умумий ўрта ёки ўрта-махсус маълумотга эгалиги ҳақидаги ҳужжат, имтиёзга эга бўлганлар учун имтиёзни тасдиқловчи ҳужжат сўралмоқда. Мактаб, коллеж ёки академик лицейни аввалги йилларда битирган абитуриентлар (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслардан ташқари) тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдоридаги тўловни амалга оширмоқда. Қабул ижодий имтиҳон асосида бўладиган таълим йўналишларида эса бундай тўлов ундирилмайди.

Шу кунгача комиссиямиз орқали бакалавр таълим йўналишларига 648 нафар абитуриент рўйхатдан ўтди.

Бу йил институтимизда етти йўналиш бўйича сиртқи таълим шакли учун 140 та ўрин ажратилган. Лекин бу чегара эмас, институт маъмурияти ички имкониятларидан келиб чиқиб, қўшимча контракт асосида ҳам талабаларни қабул қилиши мумкин. Сиртқи таълимдаги энг муҳим янгилик  камида беш йиллик иш стажига эга ходимларнинг вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг (иш берувчилар) эҳтиёжларидан келиб чиқиб, уларнинг тавсияси билан имтиҳонсиз, суҳбат асосида ўқишга қабул қилинишидир.

Кейинги йилларда юртимизда олий таълим муассасалари илмий ходимлари, профессор-ўқитувчилар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор бу йилги магистратура мутахассисликлари бўйича қабул квоталарида ҳам ўз аксини топмоқда. Институтимиз мисолида айтадиган бўлсак, 16 мутахассислик бўйича ажратилган 83 та ўриннинг 74 таси давлат гранти ҳисобланади. Яъни магистр ўқиш учун пул топишни эмас, фақат илм ўрганишни, илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб боришни ўйлаши керак. Икки йил давомида шу соҳанинг етук мутахассиси сифатида маълумотга эга бўлиб, келгусида илмий фаолиятни давом эттириши зарур. Бундан ташқари, магистратурага ҳужжат қабул қилишдаги айрим чекловлар (бакалаврнинг қайси йўналишда таҳсил олганлиги) бекор қилинди.