Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти масофавий таълимни ривожлантирмоқчи

Жаҳонда пандемия сабаб масофавий таълимнинг имкониятлари янада кенгайди. Баъзи давлатлар хорижлик талабаларни онлайн ўқишига рухсат берган бўлса, баъзи давлатлар хорижлик талабалар учун вақтинчалик таълим тизими эшикларини ёпди. Самарқанд шаҳар ёшлар марказида Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ректори Чидем Жанбай Туркйилмаз билан бўлиб ўтган матбуот анжумани масофавий таълим тизимига бағишланди.

- Масофавий таълимни йўлга қўйиш орқали нафақат Ўзбекистондаги, балки хорижлик талабаларни ҳам қамраб олишни режалаштиряпмиз, - деди Чидем Жанбай Туркйилмаз. – Бу албатта, осон эмас. Аммо яқин келажакда талабалар ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофадан ўқиш имконига эга бўлади. Масофавий таълим тизимини йўлга қўйиш ва ривожлантириш борасида рақамли информацияни яхшилашимиз лозим. Бу борада edu.uz субдоменидан фойдаланиш учун олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилди. 2021 йил 7 октябрдан институтда янги www.samdaqi.edu.uz субдоменидан амалиётда фойдаланиб келинмоқда.

Институт томонидан Microsoft компаниясидан 400 нафар профессор-ўқитувчи ва 10 минг нафаргача талаба учун бепул таълим лицензиялари олинди. Натижада институтнинг барча профессор-ўқитувчилари, раҳбат ходимлари ва талабалари учун www.samdaqi.edu.uz субдомени билан электрон почта манзиллари яратилиб, булутли иш тизими амалиётга жорий этилди (Ҳар бир фойдаланувчи 1 ТВ булутли хотирага эга).

Булутли тизим ёрдамида талабалар ва профессор-ўқитувчилар учрашувлар ўтказишлари, биргаликда ишлашлари, контент яратишлари ва ресурсларни алмашишлари мумкин. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар ҳамкорликдаги электрон синфхоналарни яратиши мумкин. Талабалар ва профессор-ўқитувчилар бутун дунё бўйлаб профессионал ўқув жамоаларига ўзаро боғланиш имкониятларига эга. Талабалар дарсда қатнашиши ва ўз топшириқларини дунёнинг исталган бурчагидан компьютер ёки мобил телефон орқали топшириши мумкин.

Бундан ташқари, институт ўқув бинолари, талабалар турар жойларида ҳам юқори тезликдаги интернет ва технология воситаларидан осон фойдаланишни таъминлашни режалаштирган.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.