Барқарор архитeктура: Бугун ва кeлажакнинг ютуқ ва муаммолари

18-19 май кунлари Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида шу мавзуда халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда дунёнинг турли мамлакатлари, хусусан, Япония, Туркия, Россия, Қозоғистон, Озарбайжон архитектура соҳаси профессорлари, фан докторлари иштирок этди.

Анжуманнинг дастлабки куни Регистон майдонининг Шарқ архитектураси намунаси асосида бунёд этилган Мирзо Улуғбек мадрасасида ташкил этилди. Университет ректори Чидем Туркйилмаз конференция иши келгусида университет ва Самарқанд шаҳри учун архитектура ва қурилиш соҳасида жуда фойдали бўлишини таъкидлаб, янги лойиҳа ва таклифлар амалиётда қўлланилишини билдирди.

Унда “Кичик шаҳарлардаги меъморий мероснинг 3D архиви, Хоккайдо мисолида” “БИМ технологиялари иштирокида лойиҳалаш”,  “Битумнинг баландлиги ва физик-реологик хусусиятларининг таъсирини ўрганиш”, “Ўрта аср Озарбайжон меъморий ансамбллари”, “Қозоғистонда энергия тежамкор архитектура” сингари долзарб мавзуларда чиқишлар қилиниб, тадқиқотлар натижалари муҳокама қилинди.

Халқаро илмий-амалий конференциянинг иккинчи куни иштирокчилар шуъбаларга бўлиниб, “Архитектура ва қурилиш соҳасида барқарор энергиядан фойдаланиш муаммолари”, “Шаҳарсозлик экологияси муаммолари ва уларнинг замонавий ечимлари”,  “Тарихий шаҳарлар маркази ва ҳудудини қайта тиклашда энерготежамкор биноларни қуриш муаммолари”, “Қайта тикланувчи энергияни қурилиш амалиётига тадбиқ қилиш муаммолари”, “Ландшафт архитектурасининг амалий муаммоларини ечиш” каби мавзуларда муҳокамалар ўтказди.

Конференция якунида умумий резолюция қабул қилинди.

Дилноза Камолова.