Чидем Туркйилмаз: Институтимизда мутлақо янги таълим йўналишлари бўйича талабалар қабул қилинади, қурилиш соҳасида хориждан мутахассис жалб қилиш эҳтиёжи камаяди
Бундан олти ой олдин Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтига Туркиядан келган мутахассис ректор этиб тайинланганди. Бу ҳақда хабар тарқалганида, табиийки, кенг жамоатчиликда ким у, қаерда ўқиган, таълим соҳасида қандай ўзгаришлар қила олади, деган қизиқиш пайдо бўлганди. Институт ректори Чидем Туркйилмаз билан суҳбатимиз айнан шу ҳақда бўлди.
- Ўзбекистонга илк бор қачон келгансиз? Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтига раҳбар бўлишингиз қандай кечди?
- Аввалдан Ўзбекистон билан узвий алоқаларим бор эди. Бу юртга биринчи марта 2021 йилнинг март ва июнь ойида икки марта келдим. Сентябрда эса шаҳрингизга Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтига ректор сифатида ташриф буюрдим. Институтга ректор бўлиб келишим тасодифан содир бўлмади. Ўзбекистондаги қурилиш фирмаларида туркиялик шогирдларим меҳнат қилмоқда. Улар орқали институтга раҳбар изланаётганини эшитдим ва ҳужжатларимни қурилиш вазирлигига юбордим. Номзодлар ичидан мени маъқул кўришди ва институтга ректор этиб тайинландим.
- Ўзингиз ҳақингизда ҳам гапириб берсангиз.
- Мен Туркиянинг Истанбул шаҳрида туғилиб, катта бўлганман. Ота-онам Болқон ярим оролидан, биз асли анатолияликлар ҳисобланамиз. Архитектура бўйича бакалавриат, магистратура ва PhD дипломини Истанбулдаги Йилдиз Техник университетида олганман. PhD даврида маълум муддат Нидерландияда ҳам ўқидим. Магистратура йўналишида ўқиш билан бирга, университетнинг архитектура факультетида ассистент лавозимида ишладим. Бу ерга раҳбар бўлиб келгунимга қадар Йилдиз Техник университетида фаолият олиб бордим. Доцентлик лавозимини ҳам ўша университетда олдим.
- Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида илк ишни нимадан бошладингиз? Ўзга давлатда, нотаниш одамлар ичида раҳбар бўлиш қийинчилик туғдирмадими?
- Биринчи навбатда, институтнинг ўша вақтдаги ҳолати, ички муҳити ҳақида умумий тушунчага эга бўлишим керак эди. Бунинг учун аввало, институтда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар ва ишчи-ходимлар таркиби билан танишдим ва ўзим учун баъзи йўналишларни белгилаб олдим. Иккинчидан, институтнинг мавжуд ахборот технологиялари инфратузилмаси ҳолатига эътибор қаратдим. Бу борада зарур текширувлар ўтказдим ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрдим. Учинчидан, институтимизда таҳсил олаётган талабалар билан кўпроқ учрашувлар ўтказдим ва бу учрашувлар анъанавий тарзда давом этиб келмоқда.
Менда мусофирлик тажрибаси аввалдан бор эди, шунинг учун шароитга мослаша оламан. Аммо бу ерда мусофирликни ҳис қилмадим. Ўзбекистон ва Туркия азалдан тил, дин, урф-одат, маданият жиҳатидан бир-бирига ўхшаш. Шу сабабли бу ерда мен ўзимни чет эллик деб ҳисобламайман.
- Биздаги таълим дастурлари билан Туркия олий таълим муассасаларидаги ўқитиш тизимининг фарқи нимада? Сизга ёққан, ёқмаган томонлари бўлдими?
- Энг катта фарқни олий таълим тизимининг қандай ташкил этилганлигида кўришимиз мумкин. 2001 йилда Туркия ўз номзодини Европа Иттифоқига тақдим қилган. Ўша пайтда Европа Иттифоқига қўшилишнинг талабларидан бири олий таълим тизимини ҳам Болония тизимига киритиш бўлган. Бу шундай тизимки, унда берилган даражалар миллий ва халқаро ҳамжамият томонидан тан олинади, шунингдек, мамлакатлар ўртасида бирдек муомалага киритилади. Ўша пайтда Туркиядаги барча олий таълим муассасалари Болония тизимига мослаштирилган. Туркия олий таълим муассасалари томонидан бериладиган илмий даража ва унвонлар талаблари Европа малака доираси (EQF) асосида ишлаб чиқилган. Туркиядаги аксарият олий таълим муассасаларидаги диплом ва илмий даражалар миллий ва халқаро даражада тан олинадиган дипломлар сирасига киради. Афсуски, Ўзбекистонда бу кўрсаткич жуда паст. Шу боис Ўзбекистон олий таълим муассасалари томонидан берилаётган дипломларнинг жаҳон миқёсида тан олиниши ва уларнинг муқобиллигини таъминлашда ҳамон қийинчиликлар мавжуд. Ўзбекистондаги исталган олий ўқув юрти томонидан берилган дипломнинг дунё миқёсида тан олинишини таъминлаш учун ҳозирдан ишга киришишимиз ва тезроқ Болония тизимига ўтишимиз керак. Аксарият Европа мамлакатлари шу тизим бўйича ишлайди.
- Болония тизими ҳақида тушунча берсангиз, унинг қандай афзалликлари бор?
- Европа Иттифоқи ташкил топгач, давлатлар ўртасида ҳамма соҳада келишувга эришилган. Худди шунингдек, Болония шаҳрида олий таълим соҳасида марказлашган тизим яратилган. Ўзимизнинг шароитдан келиб чиқиб тушунтирадиган бўлсам, масалан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Хитойда архитектура соҳасида ўқитилади, аммо ҳар хил таълим берилади. Болония тизимига ўтилган мамлакатларда таълим дастурлари бир хил. Унинг афзаллиги – талабалар мобиллиги яхши йўлга қўйилганида. Масалан, Польшада бир йил ўқиган талаба иккинчи курсни Европанинг бошқа мамлакатида бемалол давом эттириб кета олади. Бизда ўқиган талаба эса оилавий шароити сабаб бошқа мамлакатга борадиган бўлса, у ерда ўқишини давом эттириши жуда қийин. Қозоғистон ва Озарбайжонда ҳам баъзи университетлар Болония тизимига ўтган.
- Биздаги олий таълим муассасаларининг топ-1000 таликка кира олмаётганининг сабаби ҳам шундами?
- Ҳа, тўғри айтаяпсиз. Аслида Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларининг топ-1000 таликка киролмаётганининг сабаби ҳам мана шу. Бизда халқаро интеграция йўқ. Ўзимизнинг институтимиз мисолида айтадиган бўлсам, биздаги ўқув дастурлари, режалари жаҳон стандартларига мос эмас.
- Ўзимизда архитектура-қурилиш институти бўлгани ҳолда Самарқанддаги кўп қаватли уйлар туркиялик мутахассислар ёрдамида қуриляпти. Нега институт жаҳон стандартларига мос етук мутахассислар тайёрлаб беролмаяпти?
- Сиз ҳақиқатан ҳам энг муҳим ва ўз навбатида оғриқли масалани таъкидлаб ўтдингиз. Қисқача қилиб шуни айтишим мумкинки, қурилиш соҳасига алоқадор амалдаги олий таълим тизими замонавий эмас ва кундан кун ривожланиб бораётган бугунги кун қурилиш соҳаси талабларига жавоб бермайди. Шунинг учун ҳам битирувчилар етарли билим ва кўникмаларга эга эмас. Хабарингиз бор, институтимиз фаолиятини трансформация қилиш бўйича Президент қарори (Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтини илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартлар асосида тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида) тайёрланмоқда, яқин кунларда имзоланиши кутилмоқда. Ушбу қарор берадиган ваколатлар доирасида биз 2022 йилнинг сентябрь ойидан институтимизда замон талабларига мос мутлақо янги таълим йўналишлари бўйича талабаларни биринчи босқичга қабул қилишни режалаштирганмиз. Шу боис бир нарсани ишонч билан айта оламанки, яқин йилларда Ўзбекистонда, айниқса, қурилиш соҳасида хорижий давлатлардан мутахассисларни жалб қилиш эҳтиёжи аста-секин камаяди. Уларнинг ўрнини ҳар томонлама билимли, рақобатбардош, ёш маҳаллий битирувчилар эгаллайди, деган умиддаман. Ҳозирги кунда институт маъмурияти тажрибали профессор-ўқитувчилар жамоаси билан ҳамкорликда нуфузли хорижий олий таълим муассасалари тажрибасини таҳлилий ўрганган ҳолда янги таълим йўналишларини очиш ва ўқув режаларини тайёрлаш устида ишламоқда.
- Ректор бўлганингиздан сўнг Туркияга бир неча бор сафар қилганингизни эшитдик. Хорижий олий таълим муассасалари билан қандай лойиҳаларни амалга оширяпсиз?
- Тўғри, мен Туркияда 2021 йилнинг октябрь, декабрь ойларида бўлиб, Истанбулдаги университетлар билан ҳамкорлик шартномалари имзоладим. СамДАҚИ ва Истанбул Культур Университети (IKU) бакалавриат босқичида қўшма 2+2 таълим дастурини жорий этиш бўйича келишувга эришилди. Ушбу қўшма таълим дастурида таълим тили сифатида инглиз тили белгиланган. Бу борада барча зарур ҳужжатлар тайёрланди ва ҳозирги кунда томонлар шартнома бандлари устида иш олиб бормоқда.
Бундан ташқари, Туркиянинг Мимар Синан тасвирий санъат университети билан икки томонлама ҳамкорлик шартномаси имзоладик. Институтимиз Фотиҳ Султон Меҳмет университети билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик ҳамда талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви тўғрисида шартнома тузди.
Ушбу янги шартномалардан ташқари, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон, Хитой, Жанубий Корея, Малайзия, Германия, Австрия, Венгрия, Польша, Португалия каби давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувларга эгамиз. Халқаро ҳамкорлик шартномалари мен учун муҳим аҳамият касб этади. Айнан мана шу масала юзасидан деярли ҳар куни институтнинг халқаро алоқалар бўлими билан ишлайман.
- Истаймизми-йўқми, таълим соҳасида коррупцион ҳолатлар учраб туради. Сиз институтда коррупцион ҳолатларга дуч келдингизми?
- Бу ердаги фаолиятим давомида жиддий коррупцион ҳолатларга дуч келдим дея олмайман, аммо элементларини учратдим. Талабалар билан жуда яхши муносабатдаман, шунинг учун улар тўғридан-тўғри менга мурожаат қилишади. Коррупция бўйича ўзимнинг қарашларимни институт жамоасига аниқ, очиқ-ойдин етказганман. Агар шундай ҳолат юз берадиган бўлса, у ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинади.
Ўзбекистонга аниқ мақсад билан келганман, яъни ҳозирги кунда ўзим фаолият юритаётган олий таълим муассасасига инновацияларни олиб кириш орқали олий таълимни ривожлантиришга ва илмий тадқиқотларнинг сифатини оширишга ўз ҳиссамни қўшиш. Албатта, хорижий мамлакатда етакчи бўлиш осон эмас. Бу ердаги меҳнат фаолиятимдан, қолаверса, шахсий ҳаётимдаги сокинлик ва осойишталикдан мамнунман. Ўзбек халқи, хусусан, самарқандликлар билан дўстона муносабат ўрната олдим, деб ўйлайман.
- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Хуршида Эрназарова суҳбатлашди.