СамДАҚИ талабаларини ётоқхонага жойлаштириш онлайн амалга оширилади

2022-2023 ўқув йилида Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида талабалар турар жойларига жойлашиш юзасидан аризалар бериш онлайн тартибда жорий йилнинг 12 сентябридан 18 сентябригача (шу куни ҳам) қабул қилинади. Бу ҳақда институт ахборот хизмати маълум қилди.

Aризалар факультет ишчи гуруҳлари тавсиясини инобатга олган ҳолда институт комиссияси томонидан 23 сентябрга қадар кўриб чиқилади.

Талабалар турар жойларидаги ўринлар сони чекланганлиги туфайли хорижий давлатлар фуқаролари, ногирон (1- ва 2-гуруҳ), чин етим талабалар, “темир дафтар”, “аёллар дафтари”да турувчи оила фарзандлари, “ёшлар дафтари”да турувчи талабалар ҳамда узоқ вилоятлар ва туманлардан келган талабаларга жойлашишда биринчи навбатда устунлик берилади.

Биринчи босқич талабаларини жойлаштириш ўқув жараёнлари бошланганда, 26 сентябрдан кейин ҳам давом этади.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳрига яқин бўлган туманлардан келувчи талабаларга ижара хонадонларга жойлашиш тавсия этилади. Ижара хонадон эгаси билан белгиланган тартибда шартнома расмийлаштирилган тақдирда улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи (150 минг сўмгача бўлган қисми) бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар ой қоплаб берилади.

Ижарада туриш истаги бор талабаларга “Талабалар учун ижарага турар жой излаш портали” фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ijara.edu.uz платформаси орқали тураржой топишлари мумкин. Талабаларга ёрдам кўрсатишга гуруҳ тюторлари масъул этиб белгиланган.

Бугунги кунда СамДAҚИ талабалар тураржойи 3 та бинодан иборат бўлиб, жами 1150 ўринга мўлжалланган.

Институт Кенгаши қарорига кўра, Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг 1, 2 ва 4-сон талабалар турар жойларида истиқомат қилганлик учун тўлов миқдорлари бўйича тақдим этилган маълумотлар, кенгаш аъзолари томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар асосида 2022 йил 1 октябрдан бошлаб институт талаба (тингловчи)лари учун бир ойга 145 минг сўм (ўзгаришсиз) этиб белгиланди, дейилади хабарда.