СамДУ Каттақўрғон филиали: Бир йилда нималарга эришди, қайси лойиҳалар режа қилинди?

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиали фаолиятини бошлаганига бир йил тўлди.

 Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 майдаги тегишли қарори асосида ташкил қилиниб, 2021/2022-ўқув йилидан фаолиятини бошлаган филиалимизга дастлаб 600 нафардан ортиқ талаба қабул қилинди. Бугунги кунда эса уларнинг сони қарийб бир баробарга ортди. Бугунги кунда талабаларимиз 13 та таълим йўналишида таҳсил олмоқда.

Ўқув жараёнларини самарали ташкил қилиш мақсадида юртимиздаги олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган малака ва тажрибага эга профессор-ўқитувчилар жалб қилинди. Педагогик фаолиятини олий таълим соҳасида давом эттириш истагида бўлган ёш кадрлар очиқ танловлар асосида сараланиб, синов дарслари орқали ишга қабул қилиш йўлга қўйилди.

Филиалимизда ҳозирги кундаги мавжуд 2 та факультет ва  4 та кафедрада 55 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда. Илмий салоҳият 23,6 фоизни (13 нафари илмий даражали) ташкил этади. Ўтган ўқув йили давомида филиал профессор-ўқитувчилари томонидан 228 та илмий ишлар нашр этилди, шундан Скопус базасига кирувчи журналларда 9 та,  ОАК тасарруфидаги журналларда 15 та, хорижий журналларда 79 та, республика миқёсидаги журналларда 24 та илмий мақолалар эълон қилинди.

2 та дарслик, 2 та ўқув қўлланма, 1 та монография ва конференциялар тезислари нашр этилди. 2 та патентлик гувоҳномаси олинди, 10 та илмий-техник лойиҳалар тайёрланди.

Филиал моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқув-услубий фаолият, илмий тадқиқот ишларини олиб бориш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, филиалнинг асосий биноси сифатида топширилган ўқув корпусимиз ҳамда 200 ўринли талабалар турар жойида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Реконструкциядан сўнг, ушбу бино 2022/2023-ўқув йили олдидан тантанали топширилди.

Бугунги кунда 70 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига 1000 ўринли ўқув биноси ҳамда 500 ўринли талабалар турар жойини қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Талабаларимизни илм олишга, ўз устида кўпроқ ишлашга рағбатлантириш, мутахассислигини пухта эгаллаши учун ҳар томонлама қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бундан ўзига мотивация олаётган талабаларимиз айни пайтда юқори натижалар сари интилаётгани эътиборга молик.

Бир нафар талабамиз Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) миқёсида  ўтказилган  "Энг яхши илмий тадқиқотчи " илмий-амалий кўрик-танловида Исҳоқхон Ибрат ҳаётига бағишланган тадқиқоти учун диплом, мақолалар жамланган китоб сертификати ва кўкрак нишони билан тақдирланди.

Уч нафар талабамиз Самарқанд давлат чет тиллар институтида бўлиб ўтган инглиз тили орфографияси ("Spelling Bee") бўйича Марказий Осиё  танловининг саралаш босқичида фахрли ўрин олиб, якуний босқичга йўлланма олди.

Бугунги кунга қадар талаба ва профессор-ўқитувчиларимиз “Устоз-шогирд” анъанаси асосида етмишдан ортиқ халқаро ва республика миқёсида мақола ва тезислар нашр эттирди.

Бундан ташқари, спортчи ёшларимизнинг республика, Осиё ва халқаро даражадаги натижаларини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз.

Филиал жамоаси ҳамфикр ва ҳамжиҳат, ҳаммаслак бўлган ҳолда олий таълим муассасамизда йил сайин илмий салоҳиятни ошириш, мамлакатимиз ва албатта, жаҳондаги энг илғор олий таълим муассасалари сафига қўшилиш, тобора равнақ топаётган юртимизда соҳаларни билимли ва интеллектуал салоҳиятли кадрлар билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз.

Ш.Ўроқов,

СамДУ Каттақўрғон филиали директори.