СамДУнинг ёш дастурчилари нуфузли халқаро турнирда қатнашади
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи Инкубация маркази резидентлари ICPC (International Collegiate Programming Contest) Халқаро турнирининг ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
Танловда Самарқанд давлат университетининг 27 нафар ёш дастурчиси 9 жамоа бўлиб иштирок этиб, уч жамоа (LifePC Group, SamDU Dream Team, SamSU ITEG) ярим финал босқичига йўл олди.
Улар 12-13 апрель кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтадиган ярим финалда қатнашади.
- ICPC Халқаро танлови жаҳондаги энг нуфузли алгоритмик дастурлаш танлови, - дейди "SamDU Dream Team" жамоаси сардори, рақамли технологиялар факультети магистранти Аслиддин Сайидқулов. - Бунда уч кишидан иборат жамоа ҳамкорлик, ижодкорлик, инновация ва тезкорлик қобилиятини ривожлантириб, реал муаммоларни ҳал қилиш учун ишлайди. Бу танловда беш йилдан буён иштирок этиб келаман, ҳар сафар чорак финалга келганда тўхтаб қолардик. Халқаро IT компаниялари, жумладан, Microsoft, Yandex, Телеграм асосчилари ғолиб бўлган танловда қатнашиш биз учун шараф.
Турнирнинг финал босқичи май ойида Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтади.
Беҳруз Шамсиддинов.