“SAMFERRE” ва “MONDELUX” Россиядаги йирик онлайн-дўкон ва гипермаркет - “Sima-land”га маҳсулот етказиб беради
Вилоят ҳокимлиги вакиллари ва тадбиркорлардан иборат делегация шу йилнинг 6-9 декабрь кунлари Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бўлиб, Свердловск ва Челябинск вилоятлари тадбиркорлари билан бизнес-форум ва «B2B» форматидаги учрашувларда иштирок этди.
Қайд этиш лозим, 2022 йилнинг 15-18 май кунлари вилоят ҳокимининг ёрдамчиси Н.Ибрагимов бошчилигида бир гуруҳ тадбиркорлар Екатеринбург шаҳрида бўлиб, бизнес-форумда иштирок этган эди. Ушбу тадбир эса Ўзбекистон Республикасининг Екатеринбург шаҳридаги Бош консули Абдусалом Ҳотамов таклифи билан ташкил қилинди.
Дастлаб делегация аъзолари «C.И.Т. Екатеринбург» контейнер терминали фаолияти билан танишди. «C.И.Т.» - майдони 8,5 гектарни ташкил этиб, “Колтсово” темир йўл станциясига (Свердловск темир йўли) тўғридан-тўғри кириш (200 м) ва жуда қулай географик жойлашувга, яни Тюмен, Челябинск, Москва, Тагил ва Серов йўналишларининг асосий темир йўл ва автомобиль транспорт кесишмаларига яқин. Терминалда импорт қилинаётган маҳсулотлар учун лаборатория ҳам мавжудлиги делегация аъзолари бўлган тадбиркорларда қизиқиш уйғотди.
Тадбирнинг иккинчи кунида Урал Савдо-саноат палатасида Свердловск ва Челябинск вилоятлари тадбиркорлари ўртасидаги бизнес-форум ва «B2B» учрашув ташкил этилди. Учрашувда ўз фаолиятини Самарқанд ҳудудига кенгайтирмоқчи бўлган Россия томони тадбиркорларига вилоятининг инвестиция салоҳияти тақдимот қилинди. Бизнес-форум доирасида вилоят делегация ўз маҳсулотлари кўргазмасини ҳам ўтказди. Шундан сўнг тадбиркорлар ўзаро «B2B» учрашувларга киришди ва ҳамкорлик келишувларига эришилди. Учрашув якунида Самарқанд шаҳри ва Урал Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шундан сўнг делегация аъзолари Россиядаги энг йирик истеъмол товарлари онлайн-дўкони ва гипермаркети – “Sima-land” фаолияти билан танишди. Корхона 2000 йилларда Хитойдан сувенерлар етказиб берган, кейинчалик етказиб берувчилар ва товарлар доираси анча кенгайиб борган ва бугунги кунда компания ҳар қандай турдаги 200 мингдан ортиқ маҳсулотларни улгуржи шаклда йирик гипермаркетлар тармоқларига етказиб беради. Ҳозирда 50 та давлатнинг (Россия, Италия, Польша, Бразилия, Хитой, Ҳиндистон, Вьетнам, АҚШ) ишлаб чиқариш қувватлари билан ҳамкорлик қилади. Компания 2022 йилда 1,5 млн доллар соф даромад қилган бўлиб, ҳозирда бу ерда 13 минг нафардан ортиқ ходим ишлайди. Корхонанинг жуда йирик омбор майдони, Екатеринбург, Москва, Хитой, Италияда офислари ва Уралда энг йирик гипермаркетлари мавжуд.
Ушбу компания билан Самарқанд вилояти тадбиркорлари ўртасида умумий қиймати 275 минг долларлик меморандум имзоланди. Жумладан, “ZARAFSHON TEKSTIL” ва “IK TEKSTIL” корхоналари текстиль маҳсулотларини, “NASSAR TRADING” масъулияти чекланган жамияти қуруқ меваларни, “SAMFERRE” корхонаси маиший техника воситаларини ва “MONDELUX” корхонаси мебель маҳсулотларини экспорт қилишга келишиб олди.
“SAMFERRE” ва “MONDELUX” корхоналари йирик салоҳиятга эгалиги, ушбу корхоналар билан йирик шартномалар имзоланиши Россия корхонаси томонидан алоҳида таъкидланди ва йирик харидлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда.