Сардобаликлар бошига тушган табиий офат ҳеч бир юртдошимизни бефарқ қолдирмайди
Сардоба сув омборидан сув чиқиши оқибатида юзага келган офат Сирдарёдаги юртдошларимизга ҳар жиҳатдан далда бўлишимизга, барчамизни жипслашишга, ҳамжиҳат бўлишга ундамоқда.
Сув тошқини рўй берган дастлабки палладаёқ Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ва ҳукуматимиз раҳбари Абдулла Ариповнинг Сирдарёга келганлиги, тезкорлик билан зарур чоралар кўрилгани барчамизни ниҳоятда тўлқинлантириб юборди. 2 май куни ҳам Президентимизнинг Сирдарёда қолиб, юртдошларимиз билан бирга юзага келган офатни бартараф этишда бош-қош бўлгани, куннинг ярмида ва бугун аҳоли билан суҳбатлашгани, уларнинг кўнглини кўтарганлигини бутун мамлакатимиз ҳаяжон билан кузатиб турибди.
Матонатли, мурувватли, кўмакка муҳтож инсонларга доимо ёрдам кўрсатишга тайёрлиги билан, тарихда бошқа халқлар томонидан тантилиги ва меҳрибонлиги билан мардликнинг энг баланд мезони -жўмард деб алоҳида эътироф этилган халқимиз бу офат сабаб янада жипслашиб, ҳар бир инсон қўлидан келган барча ёрдамни қилишга интилаётгани мана шу кунларда янада яққол сезилди. Ҳамжиҳат ва жипс халқни ҳеч қандай офат ва балолар енга олмайди, балки чекинади.
Самарқанддан табиий офат содир бўлган куннинг ўзида дастлабки ёрдам карвони, кеча ва бугун ҳам биринчи навбатда зарур бўладиган озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар жўнатилгани уй-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган сирдарёликлар учун катта ёрдам бўлди. Барча вилоятлар, туманлардан, ватанни севувчи, бошига кулфат тушган юртдошларимизнинг ўз жигари деб билувчи минглаб юртдошларимиз, юзлаб ташкилот, муассаса, корхоналар, ҳиммати баланд тадбиркорларимиз саховати ва қанчадан қанча юртдошларимиз уй-жойларини бўшатиб беришга тайёрлиги, ўзидан орттириб кийим-кечак, кўрпа-тўшак, ёстиқ ва ёпинчиқлар жўнатаётгани бизнинг қандай аждодларнинг авлоди эканимизни кўрсатиб берди.
Самарқанд вилоятида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал демократик партияси сафига бирлашган минглаб юртдошларимиз ҳам бугунги оғир кунларда олдинги сафда бўлишга интилмоқда. Бугун партиямиз аъзолари бир неча миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга турли кийим-кечакларни сув тошқинидан азият чеккан аҳолига етказиб бермоқда.
Кўрсатилаётган ёрдам Муборак Рамазон кунларида Яратганнинг даргоҳида қабул бўладиган энг эзгу амаллардан бўлишига ишонамиз. Зеро, сардобаликларни ҳеч қачон кулфат ёнида ёлғизлатиб қўймаймиз.
Илҳом Ботиров,
O'zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари.