Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сахий Аллоҳга, жаннатга ва одамларга яқиндир

Бу дунё ҳар хил синов ва имтиҳонлардан иборат. Аллоҳ таоло инсониятни гоҳида хавф-хатар, очарчилик, табиий офат, инсонларнинг мол-мулки, жонига зарар етказиш билан синаб турар экан. Ҳақиқий мўмин банда бу мусибатларга сабр, тоқат қилиб, уларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг измида эканлигини ангайди. Шунда оламларнинг Роббиси уларга ўз раҳматини нозил айлайди. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай зикр қилинган:

«Албатта, Биз сизларни бироз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер.

Улар мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар,,.

Ана ўшаларга Роббиларидан саловатлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир» (Бақара сураси, 155-157-оятлар).

Демак, шунча синов ва машаққатларга мукофот қилиб Аллоҳнинг саловатлари, меҳри ва шафқати ҳамда раҳмати ваъда қилинмоқда.

Шукрлар бўлсинки, бутун дунёга тарқалган вабо аста-секин завол топмоқда. Ушбу қийин, синовли кунларда мамлакатимиз раҳбарияти томонидан аҳолини касалликдан асраш, ижтимоий, иқтисодий қўллаб-қувватлаш, беморларни даволаш каби масалаларда барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Табиийки ўз-ўзини ҳимоялаш вақтида кам таъминланган, боқувчиси йўқ, эҳтиёжманд оилаларнинг иқтисодий аҳволи қийнлашди. Мана шундай оғир дамларда саховатпеша халқимиз бу каби инсонларни ўз ҳолларига ташлаб қўймади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 апрель куни глобал инқироз ва пандемия шароитида мамлакатимиз аҳолиси бандлиги масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида юртимизда амалга оширилаётган ишларга яна бир бор тўхталиб ўтди. Ҳозирги оғир пайтда аҳолининг ёрдам ва кўмакка муҳтож қатламларини аниқ, манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати ва унга билдирилаётган самимий муносабатлар қайд этилди. Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг “Саховатли инсоннинг бошига жаннат дарахтлари соя солади” деган ҳикматли сўзларини ёдга олди.

Дарҳақиқат, сахий, муҳтожларга беғараз кўмак кўрсатувчи киши динимизда мадҳ этилган, унга дунё ва охиратда улкан мукофотлар берилиши баён қилинган. Жумладан, «Кечасию кундузи молларини нафақа қилганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар» (Бақара сураси, 274-оят).

Ояти каримада ўз молларидан эҳсон, хайр қилувчиларнинг ажрлари энг олий мақом жойда – Роббилари ҳузурида эканлиги таъкидланмоқда.

Яна бир ояти каримда «Эҳсон қилинг, албатта, Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўради», дейилган (Бақара сураси, 195-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир ва дўзахдан узоқдир.

Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир ва дўзахга яқиндир.

Албатта, саховатли жоҳил Аллоҳ азза ва жаллага бахил обиддан кўра маҳбубдир»  (Термизий, Байҳақий ва Тобароний ривояти).

Исломда саховатга қанчалар тарғиб қилинганлигига назар солинг! Нафл ибодатдан кўра сахий бўлиш устун қўйилмоқда.

Президентимиз ўз сўзида хайрли ташаббусларни чин дилдан қўллаб-қувватлаган, бу савобли ишларга муносиб ҳисса қўшаётган барча ватандошларимизга муқаддас китобларимизда айтилган “Яхшиликнинг мукофати – фақат яхшиликдир” деган гапни яна бир бор эслатиб ўтдилар. Муқаддас динимиз таълимотларида яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшилик эканлиги, қолаверса, унга яхшилигининг савоби бир неча карра кўпайтириб берилиши борасида айтилади:

«Ким бир яхшилик келтирса, унга у(яхшилиги)дан кўра хайрлироқ (мукофот) бор» (Қасос сураси, 84-оят).

Рамазони шариф остонасида турибмиз. Аллоҳ таолонинг марҳамати билан бу ой ибодат, зикр, Қуръон хатми, хайру эҳсон ва дуолар ойидир. Холис ният ила барчамиз шаҳри Рамазон рўзасини тутиб, дуолар қилсак, хайр-эҳсон, закотларни адо этсак ва Парвардигордан барча ҳожатларимиз қатори ушбу офатдан тезроқ халос этишини сўрасак Яратганннинг Ўзи мададкор бўлади, иншаллоҳ.

Фурсатдан фойдаланиб, барча мўмин-мусулмонлар, юртдошларимизни улуғ айём Рамазон ойи билан муборакбод этамиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат ва икки дунё яхшиликларини ато қилсин.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби