Эҳсон ҳаётликда амалга ошсин, маросимларда исрофга айланмасин

Яқинларимиздан айрилган пайтда уларга бўлган эҳтиромни қандай ифода этамиз: қалбдан чиққан самимий дуо ва соддалик биланми ёки дабдаба ва исроф орқалими? Кейинги пайтларда Самарқанддаги тўйлар турли видеолар орқали ижтимоий тармоқларда шов-шувга айланмоқда. Тўй - барака рамзи, деймиз. Лекин афсуски, таъзия маросимлари ҳам аста-секин тўйлардан қолишмайдиган “фестивал”га айланиб бораётгани жамиятимизни ўйлантириши керак, албатта. Бугун мен айнан шу оғриқли, аммо жуда муҳим мавзуда фикр юритмоқчиман.

Самарқанд - бу фақат қадимий ёдгорликлар, зийнатли мадрасалар ва тарихий масжидлар йиғиндиси эмас. Бу замин - Имом Бухорий, Имом Мотурудий ва Маҳдуми Аъзам каби буюк уламоларнинг макони бўлиб, уларнинг илм-фан ва маънавий фазилатлари билан нурланган жойдир. Улар ёритиб кетган маънавий йўл, шубҳасиз, бугунги кунгача бизга ибрат бўлиб қолмоқда.

Аммо биз, уларнинг авлодлари, бу меросга муносиб ворис бўла олмаяпмиз. Айниқса, таъзия ва жаноза каби муқаддас маросимларда шариат талаб қилмаган, ижтимоий юк бўлиб қолган одатларни “одамлар нима деркин” деб бажаришда давом этяпмиз. Бу фақат урф эмас, ижтимоий муаммодир. Қандай қилиб вафот маросими тирикликдаги камбағал ҳаётдан кўра дабдабали бўлиб қолди?

Яқинда бир танишимнинг хонадонида бўлган мусибат шу ҳақда яна бир бор ўйлашга мажбур қилди. У киши оғир хасталикдан кейин вафот этди. Унинг даволаниши учун унча кўп ҳаракат қилинмаган, чунки моддий жиҳатдан имконияти йўқ эди. Аммо вафотидан кейинги маросимларга келганда, барча иш “мухташам” шаклда бажарилди. Жанозадан сўнг, қабр қазувчиларга совғалар: сочиқ, совун, калиш, тўн... ундан кейин хатми Қуръон, юзлаб кишига “Худойи ош”.

Жаназадан кейинги кунларда эса доимий равишда меҳмон кутиб олиш, ҳар пайшанба ва якшанба куни таъзиячиларни озиқлантириш, “20 оши”, “40 оши”, “Йиллик ош”. Марҳумнинг оиласи аввал ҳам оғир аҳволда эди, энди эса бу маросимлар туфайли молиявий жиҳатдан янада эзилган.

Шу оиладаги моддий аҳволни биламан. Уларнинг ёстиғи баланд эмас, дарди чуқур. Бироқ “одамлар нима деркин?” деган хавотир уларни шундай исрофга мажбур қилди. Ҳатто айрим қариндошлар: “Ошни кам қилди”, “Совға кам берди”, “Имоми ҳам яхши ўқимади”, деган гаплар билан таъна қилган экан.

Асосий муаммо — одамлардан уялиш, Аллоҳдан эмас. Бир инсон: “Ош бермасам, қариндошлар гапиради”, деб ўзига қарши иш қиляпти. Баъзилар ота-онасини дафн қилгач, ойлар давомида қарзга ботиб юрибди. Кам таъминланган оилалар “йиллик ош”ни бериш учун оғир меҳнат қилади, ҳатто қарз олади.

Мусибат оила учун етарлича оғриқ. Биз эса руҳий оғриқ устига молиявий юкни ҳам жойлаяпмиз. Таъзия – тасалли бериш учун, дастурхон – меҳр учун, дуо – раҳмат учун. Аммо бугун бу маросимлар кимнингдир обрўсини сақлаш учун, кимдир ҳақида гап чиқмаслиги учун ўтказиляпти.

Аслида эса, ҳақиқий эҳсон ҳаётликда қилиниши керак. Марҳумнинг ўлимидан олдин саломатлиги учун ҳаракат қилиш, тирик пайтида моддий-маънавий ёрдам бериш – ана шу ҳақиқий инсонийлик эмасми?!

Комилжон Маҳмедов,

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими мутахассиси.