Сайфулло Соипов Нью-Йоркдаги терактда айбдор деб топилди
2017 йилда Нью-Йоркда Хеллоуин байрамида ҳужумни содир этган асли ўзбекистонлик Сайфулло Соипов айбдор деб топилди ва энди ўлим ёки умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин, деб хабар бермоқда CBS News.
"2017 йил 31 октябрь куни юк машинасини Нью-Йорк шаҳридаги машҳур велосипед йўлагига катта тезликда ҳайдаб чиққан ва саккиз кишини ўлдирган исломий экстремист 28 та жиноятда айбдор деб топилди.
Таъкидланишича, ҳакамлар ҳайъати икки кун давомида қарийб етти соатлик муҳокамадан сўнг, Соиповни жиноятларда, жумладан, қотиллик ва хорижий террорчи ташкилотга ёрдам беришда айбдор деб топди.
"Ҳакамлар ҳайъати бир неча кун ичида судга қайтиб, у ўлимга ҳукм қилиниши ёки умрининг қолган қисмини қамоқда ўтказиши кераклиги ҳақида қарор қабул қилишда ёрдам берадиган қўшимча далилларни тинглайди", дейилади хабарда.
Нью-Йоркда ўлим ҳукмини чиқариш учун барча 12 судья аъзоси бундай чорани ёқлаб овоз бериши керак.
Соипов бошқараётган юк машинаси Манхэттен округининг жануби-ғарбий қисмида велосипед йўлига чиқиб, йўлидаги одамларни уриб юборган ва мактаб автобусига бориб урилган. Натижада саккиз киши ҳалок бўлган, ўндан ортиқ киши жароҳат олган. Расмийлар воқеани теракт сифатида баҳолаган.
Ўзбекистонлик муҳожир терговчиларга “ИШИД” (“Исломий давлат”) террорчилик гуруҳи тарғиботидан илҳомланганини тан олган.