Портлаш таҳдиди Трампга қарши тингловлар бошланишига тўсқинлик қилди
Нью-Йорк судига портлаш таҳдиди ҳақидаги хабарлар маълум бўлди. Суд АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампга қарши даъвони кўриб чиқишни бошлаши керак эди, деб ёзади Bloomberg.
Манхеттен судьяси Нью-Йорк прокурори Летитиа Жеймснинг Трампга қарши 250 миллион долларлик даъвосини кўриб чиқиши арафасида портлаш таҳдиди борлиги маълум бўлган.
Суд вақтинча тўхтатилган. Текширув натижаларига кўра, таҳдид тасдиқланмади, дейилади хабарда.
Жеймс 2022 йил сентябрида Трамп, унинг фарзандлари ва тегишли компанияларга нисбатан фирибгарлик ва нотўғри маълумот беришда гумон қилиб, 250 миллион долларлик даъво қўзғатган. Ўшанда Жеймс айбланувчилар, жумладан, АҚШнинг собиқ президенти ҳам бир қанча штатларнинг Жиноят кодекси қонунларини бузганликлари, жумладан, ҳужжатларни қалбакилаштириш, нотўғри молиявий ҳисобот тақдим этиш, суғурта фирибгарлигида қатнашиш, пастроқ фоизда омонат қўйиш ва камроқ солиқ тўлаш каби жиноятлар содир этганини айтган эди.
Трампга қарши яна бир иш ҳам Манхеттендаги судда кўриб чиқилмоқда. Унда Трамп порно-актриса Сторми Дэниэлс билан боғлиқ воқеада айбланиши мумкин. Айтилишича, унга Трамп билан бўлган муносабатлари ҳақида сукут сақлаши учун катта пул тўланган. Собиқ президентнинг ўзи Дэниэлс билан алоқани, унинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини рад этади.