Сайлов ўтди. Сизнинг фикрингиз…
Марказий ҳукумат сайлов демократик ўтиши учун максимум ҳаракат қилди. Масалан:
- мажбурий меҳнатга ўрин қолдирмаслик чоралари кўрилди. Чунки олдинги сайловлардан кўра, 8 баробар кўп пул ажратилди;
- замонавий тажрибаларни эксперимент қилиб кўришдан чўчимади. Биргина, Самарқандда 4 та сайлов участкасида овоз бериш жараёнлари онлайн транслация қилинди. Битта участкада сайловчилар биометрик белгилари тасдиқланса, бюллетень берилди.
- сайловчиларга овоз бериши учун максимум шароит яратилди: а) бошқасини билмадим, бизнинг қишлоқда ўзи қатнамайдиган автобус сайлов куни бепул қатнади. б) кўзи ожизлар учун Брайл алифбосида бюллетень чиқарилди;
- фуқароларга Ўзбекистонни, ҳатто дунёнинг қайси нуқтасида бўлишидан қатъий назар сайловда қатнашиши учун имконият яратилди. Катта маблағ ва потенциал сарфланиб, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилди.
- сайлов шаффоф ўтиши учун барча етарли шароит яратилди. Масалан, ҳеч кимни негатив ахбороти учун “мелиса" калласини қотирмади. “Явка” 70 гаям яқинлашмагани рўй-рост айтилди.
Қонунбузилишлар бўйича прокуратура ҳар ҳолда ахборот бераяпти.
АНА ЭНДИ ЮЗАГА КЕЛГАН МУАММОЛАР ТЎҒРИСИДА
Нега қонунбузилишлар бўлди?
Аслида буниям тўғри қабул қилиш керак. Негаки, энг демократик давлат – АҚШда Трампнинг президентликка сайланганлигидан шубҳаланилмоқда. Демак, биздаям депутатларни сайлашда қонунбузилиши мумкин.
Кузатишларимга кўра, маҳаллий бошқарув органлари очиқлик бу даражада бўлишини кутмаганди. Уларни сценарийси овоз бериш жараёнларида кўриниб қолди.
Қолаверса, чиновниклар овозларни санаб чиқишда кузатув аввал ҳам бўлган ва ўша нуқталарда адолатли саналган, бу сафар ҳам шунақа бўлади, деб адашишди.
ЭНГ МУҲИМИ, ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ КУЧЛИ БЎЛГАНДА БУ САФАР сайлов натижалари бутунлай бошқача бўларди. Афсуски, аҳолида, айниқса, журналистларимизда (шу жумладан, каминада ҳам) журъат етишмади. Ва кўплаб камчиликлар кузатилди.
Барибир, янги сайловлар - янги Ўзбекистон сари дадил қадам бўлди. Жамоатчилик назорати нега кераклигини, уни амалга ошириш мумкинлиги жудаям кўпчилик, айниқса, бу борада олдинги сафда туриши керак бўлган журналистлар яққол англаб етишди.
Демак, энди тўхтамаймиз (ёки “ухламаймиз”), ЭНДИ ФАҚАТ олдинга қараб интиламиз!
Бу йўлда ҳамюртларимизга муваффақият тилайман.
Ё.ГАДОЕВ.