Сайловга оид қонун ҳужжатларини бузиш қандай жиноий жавобгарликка сабаб бўлади?
Мамлакат ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган сайлов жараёнлари билан боғлиқ қонунбузарлик учун фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши жиноятлар сифатида таснифланади.
Жиноят кодексидаги иккита моддада бундай турдаги жиноятлар учун муайян жазо чоралари белгиланган. Хусусан, кодекснинг 146-моддаси сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, деб номланади.
Унга кўра, мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, сайлов ёхуд референдум комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ёки референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаши жавобгарликка сабаб бўлади.
Бундай фаолият энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, 147-моддада фуқароларнинг депутат ёки Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш ёки сайланиш, сайловолди тарғиботи олиб бориш ҳуқуқларини, депутатликка ёки Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод шахснинг ишончли вакиллари ўз ваколатларини эркин амалга оширишларига, шунингдек, фуқароларнинг референдумда эркин иштирок этишларига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилишга жазо чоралари белгиланган.
Бунда 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, илгари ҳар икки моддада ҳам қамоқ жазоси кўзда тутилган эди. 2017 йил 29 мартда Жиноят кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан сайлов билан боғлиқ жиноятлар учун қамоқ жазоси белгиланмайдиган бўлди.
Абдусаттор АБДУРАЗЗАҚОВ,
жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди раиси.