Сайёҳлар оқими кўпаймоқда. бунга тайёрмизми?
Мамлакатга кириш визалари бериш тартибини соддалаштириш, етти мамлакат фуқаролари учун бир ойга визасиз тартиб жорий этилиши ҳақиқатан ҳам сайёҳлар сони ошишига хизмат қилди. Вилоятга хорижий сайёҳларни жалб этиш прогнози 2018 йилда 350 минг, 2019 йилда 500 минг нафарни ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, энди яна бир муаммо, сайёҳларни Самарқандгача олиб келиш масаласи юзага чиқмоқда. Айрим мамлакатлардан юртимизга келувчи сайёҳлар учун авиабилет муаммоси мавжудлиги сайёҳлар оқими кўпайишига тайёр эмаслигимизни кўрсатиб қўйди. Бу Самарқанд халқаро аэропортига ҳам тегишли, албатта.
Бугун Самарқандни Ўзбекистоннинг туристик маркази (хаб)га айлантириш ҳамда 2029 йилга келиб, уч миллиондан ортиқ хорижий туристларга хизмат кўрсатиш режалаштириляпти. Самарқанд халқаро аэропорти қувватини оширмасдан эса бу натижага эришиш қийин. Негаки, бугунги кунда ушбу аэропорт бир соатда 400 нафар (200 нафар қабул қилиш, 200 нафар жўнатиш) қувватига эга бўлиб, бир вақтнинг ўзида битта рейсга хизмат кўрсата олади, холос. Аэропорт аэровокзал биноси ҳам фақат 200 нафар йўловчига мўлжалланган. Учиш ва қўниш йўлаги таъмирталаб. Ҳолбуки, мавжуд талабдан келиб чиққан ҳолда шу йилнинг ўзида қўшимча 14 та халқаро йўналишдаги авиақатнов жорий этилиши режалаштирилмоқда.
Мутахассисларнинг тахминий ҳисоб-китобига кўра, янги аэровокзал биноси, йўловчилар юкларини сараловчи тизим, махсус техникалар, учиш ва қўниш йўлакларини таъмирлаш ва бошқа тадбирларни амалга ошириш учун 200 миллион долларлик инвестиция талаб этилади. Бундан ҳам муҳими, ушбу ишларни ҳозир бошлаган тақдирда икки йил вақт керак бўлади.
Навбатдаги босқич – ички транспорт тизими эса туристларнинг кайфиятини белгиловчи омиллардан бири. Ҳозирча хорижий сайёҳларнинг 95 фоизи гуруҳ тарзида ҳаракатланади ва уларга хизмат кўрсатувчи сайёҳлик фирмаларининг аксарияти замонавий автобусларга эга. Аммо эндиликда виза билан боғлиқ расмиятчиликлар соддалашгач, қолаверса, авиарейслар сони ҳам ошган сари индивидуал сайёҳлар кўпаяверади.
Очиғини айтадиган бўлсак, бу борада Тошкентдан Самарқандга келадиган "Афросиёб" тезюрар поезди ва шаҳар ичидаги трамвайдан бошқа транспорт турини хорижий сайёҳларга кўрсата олмаймиз. Айтайлик, юқоридаги поездга чиқмаган сайёҳ Тошкентдан Самарқандга қайси транспорт билан келиши мумкин? Бу йўналишда замонавий автобуслар қатнамай қўйганига анча бўлди. Демак, ҳеч қандай йўловчи ташиш рухсатномасига эга бўлмаган таксилар билан оғзаки келишув асосида Самарқандга йўл олади.
Шаҳримиз ичида бугун деярли барча йўналишларда автобуслар қатнови йўлга қўйилган. Аммо асосий сайёҳлик мавсуми пайтида уларга нафақат хорижий, балки маҳаллий сайёҳларни ҳам таклиф этиш қийин. Сабаби, мазкур автобусларнинг деярли бирортасида салон ҳароратини салқин эта оладиган даражадаги кондиционер йўқ. Бу – энг муҳим жиҳатлардан бири. Ички йўналишларда автобусларда йўловчилар сонини белгилаш, ҳайдовчи ва кондукторларнинг маданияти, қатнов жадвалига амал қилиши каби қатор муаммолар бўйича ҳам ҳал этилиши лозим бўлган ишлар мавжуд.
Юртимиз шаҳар ичида такси хизмати энг арзон мамлакатлардан бири ҳисобланади. Бу хорижликлар учун ҳам, маҳаллий сайёҳлар учун ҳам қулай, албатта. Аммо белгиланган нархларга амал қилиш мана бир неча йилдирки, барибир ҳайдовчиларнинг инсофига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Сабаби, қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига қарамасдан йўналишсиз таксиларда на терминал ва на йўл кира ҳисоблаш ускунаси мавжуд.
Сайёҳларнинг туманларга чиқишида бундай муаммолар янада кўпаяди. Айтайлик, Самарқанд шаҳридан Имом Бухорий мажмуасига бориш учун битта автобус йўналиши мавжуд ва унда 6 та автобус қатнайди. Сайёҳлар оқими бир неча баравар ошгани ҳолда ўтган йили ҳам автобуслар сони шунча эканини ҳисобга олсак, вазият янада ойдинлашади. Айни вақтда ушбу йўналишдаги автобусларда тиқилинчни кўриб, унга меҳмоннинг чиқишига кўзингиз етмайди. Демак, бу йўналишда замонавий микроавтобус ва такси қатновларини йўлга қўйиш шарт.
ЧОЙХОНА – АНЪАНАЛАРИМИЗНИНГ БИР ҚИСМИ
2019 йил охиригача вилоятда яна 45 та меҳмонхона ишга тушиши кутиляпти. Аммо туристик объектлар атрофида умумий овқатланиш шохобчалари қуришга эътиборни бу даражада дея олмаймиз. Умуман, айни кунларда ҳам тарихий обидалар атрофидаги умумий овқатланиш шохобчалари етарли эмас. Ваҳоланки, сайёҳ учун энг яхши тушлик – шундоққина кўҳна обида рўпараси ёки ён атрофидаги кафедагидир. Бутун дунёда туристик объектлар кўриниб турадиган кафеларда овқатланиш нисбатан қимматга тушади. Аммо барибир сайёҳлар айнан шундай жойларда овқатланишни маъқул кўради.
Аслида умумий овқатланиш бўйича ҳам ўзига хос анъанамиз бор – чойхоналар. Аммо бугун замон талабига жавоб берадиган, сайёҳни олиб киришимиз мумкин бўлган чойхона йўқлиги яна бир оғриқли муаммомиз.
Айни вақтда туристик объектлар ўртасида жойлашган биргина Ислом Каримов кўчасини кезсангиз, тоғораларда, қандай шароитда тайёрлангани номаълум турли сомса-ю, хот-дог кўтариб юрган одамларни учратасиз. Умумий овқатланиш шохобчалари етарли эмас экан, меҳмонлар улардан харид қилади.
САМАРҚАНДДА ҚАЙСИ ХАЛҚЛАР ОШХОНАСИ БОР?
Жанубий Кореянинг Сеул, Пусан шаҳарларида, Туркиянинг Анқара, Истанбул, АҚШнинг Бруклин ва бошқа кўплаб хорижий шаҳарларда "Самарқанд таомлари", деган ёзув илинган овқатланиш шохобчаларига кўзингиз тушади. Хўш, бизнинг шаҳарда қайси давлат халқи учун махсус ошхона бор?
Мутахассис фикрича, одатда сайёҳлар ўзи борган мамлакатнинг миллий таомларини фақат биринчи кун ёки бир-икки марта истеъмол қилади. Ҳар қандай одам бундан ортиғига мослаша олмайди. Эҳтимол, Самарқандга келувчи аксарият сайёҳларнинг бир кундан ортиқ қолмаслигининг сабабларидан бири шудир?
Бугун жаҳонда соҳанинг "Ҳалол туризм" йўналиши ривожланиб бормоқда. "Ҳалол туризм" – бу оилавий ҳордиқ чиқариш, ҳамёнбоп тураржойларда тунаб, сифатли, озода овқатланиш шохобчаларида таомланиш. Камчиқимликни хуш кўрувчи ва исрофдан ўзини тиядиган кишилар учун яратилган хизматдир. Яна бир талаб этиладиган жойи шундаки, истеъмол қилинадиган маҳсулот ва хизматлар "ҳалол" стандарти асосида бўлиши лозим. Тўғри, халқимиз азалдан айниқса, ошхонада ҳалолликни хуш кўради,таомларимиз ҳам ҳалол стандарти талабларига мос. 2017 йилда "ҳалол туризм" бўйича "Crescent Rating" ташкилоти томонидан тузилган рейтингда Ўзбекистон 28-поғонани эгаллагани ҳам фикримиз далили. Аммо афсуски, ҳозирча аксарият истеъмол маҳсулотларимизда "ҳалол" ёрлиғи йўқ. Худди шундай бирор бир умумий овқатланиш шохобчаси "ҳалол" стандартига эга эмас. Ҳолбуки, ўнлаб араб давлатлари, яна ўнлаб мусулмон мамлакатларидан келувчи сайёҳлар учун бу жуда муҳим. Айни вақтда юртимизда "ҳалол" стандарти бўйича сертификатлашни йўлга қўйиш ишлари олиб борилмоқда. Фикримизча, бу йўналишда дунёда биринчи ўринда турадиган Малайзия, Индонезия ва Туркия давлатлари тажрибасини ўрганишимиз лозим.
Модомики, сайёҳларга шароитни яхшилашни истар эканмиз, худди шундай бошқа халқлар учун ҳам овқатланиш имконини берадиган ошхоналар зарур. Айтайлик, мол гўшти истеъмоли ҳиндлар эътиқодига тўғри келмайди. Ҳафтанинг шанба куни яҳудийлар маълум турдаги таомларни рад этади. Корейслар учун фақат аччиқ таомлар керак. Ҳозирча бу талабларга жавоб бера оладиган ошхоналаримиз йўқ.
Тўғри, шаҳримизда ташкил этиладиган "Самарқанд сити" марказида қурилиши кўзда тутилган меҳмонхоналарнинг турли халқларга мос бўлиши, ошхоналарда кўпгина халқлар таомлари тайёрланиши режалаштирилган. Аммо бешта меҳмонхона ичида ташкил этиладиган ошхоналар Самарқанддек сайёҳлик салоҳиятига эга шаҳар учун етарли эмас.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
«Зарафшон» мухбири.