Сайёр судда 15 нафар шахс жазони ўташ муддатидан олдин озод қилинди

Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосарлари - жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Т.Бойзоқов, фуқаролик ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Норов, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Ш.Мамадиёров ва вилоят маъмурий суди раиси вазифасини бажарувчи Р.Очилов ҳамкорлигида Каттақўрғон шаҳридаги маҳалла марказида фуқаролар билан учрашув, давра суҳбати ва сайёр қабул ташкил қилинди.

Дастлаб йиғилганларга мамлакатимиздаги бугунги ижтимоий-сиёсий вазият, қонунларга киритилган муҳим ўзгаришлар ҳақида тушунча берилди. Айниқса, бу муҳим сиёсий тадбирлар йили эканлигига эътибор қаратилиб, сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгаришлар, бу йилги сайлов тартиблари ҳақида тушунча берилди.

Сайёр қабул жараёнида 50 нафарга яқин фуқаро муаммоларига ечим излаб, мурожаат қилди. 21 та мурожаат жойида ижобий ҳал қилинди, қолганларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шаҳарнинг Қўшчинор кўчаси 6-уйида яшовчи Г.Латипова ўзига оид чиқарилган маъмурий иш бўйича енгиллик беришни сўради. Унга енгиллик беришнинг қонуний тартиблари тушунтирилди. Шунингдек, 6 нафар якка тартибдаги тадбиркор жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисоботини муддатида тақдим қилмаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилганликларини баён қилиб, бундай хатолик бошқа такрорланмаслиги, тегишли хулоса чиқаришганликлари, маъмурий жарима тўлаш оғирлик қилаётганлигини билдириб, мурожаат қилди. Бу мурожаатларинг ҳар бири индивидуал ўрганиб чиқилди ва сайёр суд мажлисида уларга нисбатан маъмурий ишлар тугатилди.

Сайёр суд мажлисларида эса 15 нафар шахс Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазони ўташ муддатидан олдин озод қилинди.

Вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан ишлаш бўлими.