Сайёр судда кўрилган иш тарафларнинг ярашуви билан тугатилди

Каттақўрғон туман 1-сон касб-ҳунар мактабида жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон тумани суди судьяси Ф.Саломов аҳоли билан учрашди ва шу ерда сайёр суд ўтказди.

Дастлаб судья Ф.Саломов шахснинг қадр-қимматини қасддан камситиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун қонунчиликдаги маъмурий жавобгарлик, жазо чоралари ҳақида гапирди. Шундан сўнг шахснинг соғлиғига қарши қаратилган ва бошқа турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган ҳуқуқбузарларга доир маъмурий ишлар сайёр суд мажлисида мазмунан кўриб чиқилди.

Хусусан, Жиноят кодексининг 122-моддаси билан судланувчи Дилшод Рауповга нисбатан фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2017 йил 9 январда чиқарган суд буйруғига асосан ундирувчи Ўғилой Яҳяеванинг фойдасига вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун берилиши лозим бўлган алимент пули билан боғлиқ иш кўрилди. Аниқланишича, Д.Раупов 6 322 403 сўм алимент пулини қасддан тўлашдан бош тортиб келган. Сайёр суд мажлисида ушбу сумма ундирилди ва тарафлар яраштирилди. Натижада иш ярашув муносабати билан тугатилди.

Таъкидлаш лозимки, Каттақўрғон тумани суди томонидан йил бошидан буён 8 маротаба сайёр суд мажлислари ўтказилган. Жумладан, 82 нафар шахсга нисбатан 81 та маъмурий иш, 5 нафар шахсга нисбатан 5 та жиноят иши сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.