Секторлар энди бошқача ишлайди

Гарчи жорий этилганига олти-етти йил ўтган бўлса-да, секторлар тизимида кутилган натижага эриша олмаяпмиз. Ваҳоланки, вилоят, шаҳар ва туманларда тўртта сектор учун ҳам штаблар ташкил этилди, штаб аъзоларининг самарали ишлаши учун зарур шароит яратилди, бу фаолиятнинг қонуний асослари мустаҳкамланди.

Ўтган вақт давомида тизим жамиятга анча яқинлашди. Энг муҳими, ҳоким, прокурор, ИИБ бошлиғи, солиқ идораси раҳбари мақсадини бир йўналишга – халқни рози қилишга йўналтирди. Барча таҳлил ва мониторинглар секторлар кесимида муҳокама қилинадиган бўлди, уларнинг рейтинги жорий этилди. Сектор раҳбарлари маҳаллий кенгашларда ўз фаолияти юзасидан ҳисобот бера бошлади. Бинобарин, сектор раҳбарлари ҳам жиноятчиликнинг олдини олиш, солиқ тушумини кўпайтириш, аҳолининг ислоҳотлардаги фаоллигини ошириш учун, энг аввало, бандликни таъминлаш, реал даромадни ошириш, кам таъминлаганларни қўллаб-қувватлаш ва бу борада ҳамкорликда ишлаш зарурлигини тушуниб етишди.

Минг афсуски, шунча ҳаракатларга қарамасдан секторлар ташаббускорлиги ва самарадорлигидан кўнгил тўлмаяпти. Давлатимиз раҳбари соҳалар таҳлилига бағишланган селектор йиғилишларида ҳам бу ҳақда бир неча бор айтиб ўтди. Хўш, бу ҳолатларнинг сабаби нимада?

Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда айнан ана шу саволга жавоб изланди. Унда вилоятдаги барча секторлар ҳамда ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Таъкидландики, аввало секторлар штаби аъзолари таркибини шакллантиришда хатоликларга йўл қўйилган, яъни айрим ташкилот раҳбарлари штаб аъзолигига нўноқ ёки тажрибасиз ходимларини жалб қилган. Бунинг устига бу ходимлардан сўров бўлмаган, улар фаолияти таҳлил қилинмаган, фақат сектор штаби котибигина  фаолият кўрсатган.

Бу ҳолат Самарқанд шаҳар биринчи сектори штаби аъзолари билан суҳбат чоғида яққол аён бўлди. Вилоят ҳокими анжуман иштирокчилари олдида улар билан савол-жавоб қилди. Минг афсуски, улар ўз вазифалари ҳақида аниқ гапира олмади. Айримларининг эса касб малакаси ҳам талаб даражасида эмас экан. Демак, улар аҳоли талабини ўрганиш ва қондириш салоҳиятига эга эмас.

–  Энди бунақа тарзда ишлаб бўлмайди, – деди вилоят ҳокими Э.Турдимов. - Давлатимиз раҳбари қўйган талабга жавоб бериш, маҳалла бошқарувини такомиллаштиришда жорий этилган тизимни қўллаб-қувватлаш учун секторлар ишини кескин жонлантириш зарур. Аҳолининг барча талаблари, янги лойиҳа ва таклифлар айнан секторлар штабида пухта таҳлил қилиниши ҳамда ижрога йўналтирилиши лозим. Токи, бу штаб аҳолининг чинакам ғамхўр идорасига, маънавият марказига айлансин.

Йиғилишда секторлар фаолиятини жонлантиришнинг асосий вазифалари белгилаб олинди.

Биринчидан, секторлар штаби аъзолари сифат таркиби қайта кўриб чиқилади. Уларга ўз касбининг устаси бўлган, билимдон, тафаккурли мутахассислар киритилади.

Иккинчидан, ташкилот раҳбарлари сектор штабига жалб этилган мутахассисларни бошқа ишларга йўналтирмайди.

Учинчидан, сектор штабига аъзо бўлган ҳар бир мутахассис, энг аввало, ўз соҳаси йўналишида фаолият кўрсатади. У сектор ҳудудидаги иқтисодий, ижтимоий аҳволдан хабардор бўлиши лозим.

Тўртинчидан, сектор штаби мажлисларида бириктирилган мутахассислар ўзларига тегишли масалалар муҳокама этилганида қатнашадилар. Айрим мутахассислар мавсумий жалб этилиши ҳам мумкин.

Бешинчидан, сектор штабида ҳар ҳафта у ёки бу масалага бағишланган таҳлил ўтказилади. Унда шу ҳудуддаги муаммолар ўртага ташланади, ечими юзасидан тегишли ташкилотларга тавсиялар берилади. Тавсиялар ижроси навбатдаги йиғилишда, албатта, ошкора айтилади.

Шунингдек, сектор штаби таҳлилида маҳаллий кенгаш депутатлари, қишлоқ фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилади.

Вилоят ҳокими бугунги кунда сектор штаблари учун энг долзарб бўлган масалалар ва уларнинг моҳиятини тушунтириш баробарида бу масалаларни қандай ўрганиш, таҳлил қилиш, ечимини топиш ҳамда ижросини таъминлаш юзасидан вазифаларни белгилаб берди. Булар, энг аввало, хориждаги юртдошларимиз билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш, қайтиб келаётганларига иш топиш, оиласига кўмаклашиш, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлганларга кредит олишда ёрдам бериш, кичик бизнес эгаларини фаолиятини кенгайтириб, янги иш ўринлари очишда қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган оилалардан хабар олиш, шу билан бирга ҳар бир тадбир жараёнида одамларнинг маънавий-ҳуқуқий савиясини ошириш чораларини кўришдан иборатдир.

Таъкидландики, энди сектор штаби таркибидаги ҳар бир мутахассис фаолиятига баҳо бериш тизими йўлга қўйилади. Бу масъулият шу мутахассиснинг номзодини таклиф этган ташкилот раҳбари зиммасида бўлади. Ҳар ҳафта ўтказиладиган таҳлилий йиғилишларда штаб аъзолари фаолияти баҳолаб борилади.

Бундан ташқари, ҳафтада бир марта мунтазам равишда сектор штабида штаб котиби иштирокида ҳудуддаги маҳаллалар фаоллари (маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ҳотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, ижтимоий  ходим, солиқ инспектори) билан ўтган ҳафта давомида берилган топшириқлар ижроси таҳлил қилинади ва янги ҳафтада бажариладиган ишлар белгилаб олинади.

Масалан, ҳоким ёрдамчисидан маҳаллада неча нафар ишсиз фуқаро борлиги, сектор штаби аъзолари билан биргаликда ишсизларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш бўйича қандай ишлар бажарилгани, тадбиркорлик субъектлари ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган фуқароларга белгиланган миқдордаги кредит ресурсларининг ажратилаётганлиги ҳолати, муаммоли кредитларнинг қайтарилиши, тадбиркорлар қандай фаолият кўрсатаётгани, ҳудуддаги бўш турган биноларни тадбиркорларга ажратиш бўйича қандай муаммолар мавжудлиги, хонадонбай ўрганиш ҳолати каби масалалар сўралади.

Шу тарзда маҳалладаги “еттилик” фаолияти ҳам мувофиқлаштириб борилади ва бу пировардида секторда иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Фармон Тошев.