Сенат Раиси дарахтлар муҳофазаси борасида яхлит тизим яратиш бўйича ишларни қайта кўриб чиқиш таклифини билдирди

Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилишига доир масалалар юзасидан ахбороти эшитилди.

Мазкур масала сенаторлар томонидан кенг муҳокама қилиниб, мамлакатимизда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги таъкидланди. Бу борада кўплаб ишлар қилинаётган бўлса-да, дарахтларниннг ноқонуний кесилиши ҳалигача давом этаётгани, афсуски, ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар жаримани тўлаган ҳолда яна шу каби ноқонуний ишларни давом эттираётгани танқид остига олинди.

Шу ўринда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакилининг ахбороти давомида бир қатор таклифлар билдирилди. Хусусан, қурилиш объектлари учун ажратилган жойларда турли дарахтлар мавжудлигига эътибор берилмаяпти.

– Ҳудудларда экология ходимлари фаол ишлаши керак, – деди Сенат Раиси Т.Нарбаева. – Жойлардаги дарахтларнинг чанг босиб ётиши туфайли, етарли эътибор берилмаётганидан қуриб қолиши табиий. Айниқса, томчилатиб суғориш бўйича аниқ иш олиб бориш мақсадга мувофиқ. Умуман олганда, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бу борада бошқа давлатларнинг тажрибасини ўрганиши лозим. Боиси, сув танқислиги фақат Ўзбекистонда эмас-ку. Қандай қилиб бошқа давлатлар мавжуд имкониятлардан фойдаланяпти? Лекин уларда ҳамма жой кўм-кўк. Улар дарахтларга шикаст етказилса, фожеадек қабул қилишади. Бизда эса бу оддийгина ҳолатдек бўлиб кетяпти. Одамлар жарима тўлаб, яна дарахт кесиш давом эттиряпти. Шунинг учун Қўмитанинг мазкур йўналишдаги янги таклифлари давлат томонидан қўллаб-қувватланяпти. Бу ишларни узоққа чўзиш керак эмас. Чунки бир дарахтни экиб, катта қилгунча битта авлод улғаяди. У ўзидан қачон кислород чиқартириб, атрофга соя-салқинлик берганига қадар кўп вақт ўтади. 

Дарахтлар аёвсиз кесилиши давом этар экан, тизимда шаффофлик таъминланмас экан, ҳудудларнинг ободлиги ва одамларни рози қилиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Шу боис, мутасадди вазирлик-идоралар, ҳудудий тузилмалардан мазкур масалаларда жавобгарликни кескин кучайтириш, жазо муқаррарлигини таъминлаш талаб этилади. Шунингдек, дарахтлар муҳофазаси борасида ҳамма учун тушунарли ва очиқ бўлган яхлит тизим яратиш бўйича ишларни қайта кўриб чиқиш керак. Бунда рақамлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор бериш лозим. 

Яна бир жиҳат. Берилган мораторий Қўмита учун бир имконият эди. Мазкур муддатда мана шу ишларни тўғрилаб олиш учун берилганди. Мораторий даврида дарахт кесилмасин-у, кейин кесаверилсин деган муддат эмасди. Ваҳоланки, бу – қонунчиликни такомиллаштириш, механизмларни қайта кўриб чиқиш, жамоатчилик билан алоқаларни ўрнатиш, умуман, барчасини йўлга қўйиб олиш учун имкон эди. Мораторий даври тугагандан сўнг ишланган механизм ўз-ўзидан ишлаб кетилаверарди, афсуски мораторий тугашига 6 ой қолди, лекин ҳеч нарса тайёр эмас.