Сенаторга тухум отган йигит Янги Зеландиядаги теракт қурбонлари учун 100 минг доллар ажратди

Австралиялик 17 ёшли Уилл Коннолли Янги Зеландиянинг Крайсчерч шаҳри масжидларидаги терактда қурбон бўлганларнинг оилаларига 100 минг доллар ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда azon.uz хабар бермоқда.

Конноли австралиялик сенаторнинг бошида тухум чаққани билан машҳур бўлиб кетган эди. Сенатор Фрейзер Эннинг Янги Зеландиядаги терактни изоҳлар экан, бунда мусулмонларнинг ўзини айблаганди. Конноли унинг гапларига норозиликни тухум билан билдирди.

Ўша воқеадан кейин Уилл Конноли қўлга олинди. GoFundMe краудфандинг платформасида йигитча учун “юридик хизматлар ҳақини тўлаш ва кўпроқ тухум сотиб олиш мақсадида” пул йиғиш бошланди.

Конноли Инстаграмдаги саҳифаси орқали тўпланган пулларнинг барини – 99.922 долларни Крайсчерч қурбонларининг оилаларига беришини маълум қилди.