“Сериалларни оила даврасида кўриб бўлмай қолди...”

Яқинда сайтимизда “Миллий сериаллар маънавиятимиз учун малҳамми ёки заҳар?” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди. Унда хусусан, “миллий” бренди остида чиқаётган аксарият сериал ва киноларнинг савияси пастлиги, уларда маънавиятсизлик, фаҳш ва боқибеғам ҳаёт тарзи тарғиб қилинаётгани танқид остига олинган эди.
Айтиш жоизки, айни мавзу муштарийларимиз орасида ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Кимдир ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда, бошқалар қўнғироқ қилиб муаммо юзасидан ўз муносабатини билдирди. Уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола қилишни лозим деб билдик.
Матнлар маъноси ўзгартирилмаган ҳолда таҳрир қилинган.
Нурбек ХУДОЁРОВ:
- Оила даврасида кўриб бўлмайди сериалларимизни. Асабни бузади, одамларнинг, ёшларнинг онгини заҳарлайди. Кимдир телевидениега берилаётган кино ва сериалларни назорат қилиши керак эмасми? Улардаги турк сериаллари ҳам худди шундай мазмунда - бирининг хотини бошқаси билан "юради", иккинчисининг фарзанди эридан эмас. Бора-бора бу иллатлар ҳам биз учун оддий ҳолга айланмоқда.
“МДМ” никли кузатувчи:
- Ўғлим мактабда 3-синфларга дарс беради. Ўқувчиларидан “Келажакда ким бўласизлар?”, деб сўраган экан, қизларнинг ҳаммаси салончи, тирноқ бўягич сингари касбларни айтибди. Улардан бири “Катта бўлсам, мен ҳам лабимни ботикс қилдираман”, деган эмиш. Ё тавба, қаёққа қараб кетябмиз?
Комила КОМИЛОВА, пастдарғомлик кузатувчи:
- Сериалларни ҳаётий воқеаларга асосланган, дейишади. Амалда бундай эмас. Оддий маиший муаммоларни бу қадар бўрттириб, халқимизни ёмон қиёфада кўрсатиш керакмикан? Савия масаласига келсак, уларда рол ижро этаётган актёр-у актрисаларда маҳорат йўқ. Хусусан, актрисаларга фақат ташқи гўзаллиги учун рол беришган, деган фикр пайдо бўлади... Оилаларимиз учун улардан нима наф? Сериал кимларнингдир “реклама”си учун хизмат қилмаслиги керак.
Фароғат ШОДИЁРОВНА:
- Сериаллар ҳақида гап кетганда миллий сериалларни чет эл сериалларига қиёслаш бошланади. Бу нотўғри. Хорижликларнинг менталитети, юриш-туриш меъёрлари бошқа. Ўзимизнинг сериаллар халқимизга мос бўлиши керак. Ҳозир улар фақат асабни бузади.
“Ҳижрон” номли ўзбек сериали берилаётган экан, эринмай бир ҳафта томоша қилдим. Мазмунига кўра, ундаги 4-5 нафар дугона иккинчи хотин эмиш, яна уларнинг эрсиз дугоналари шу иккинчи хотин бўлган дугоналарининг эрларини “овлаш” билан овора. Оилаларни бузадиган, қариндошларни бир-биридан ажратадиган сериал-ку бу.
Илгари яхши сериаллар олинган. Масалан, “Бобур”, “Шайтанат”, “Занжир”, “Кўнгил кўчалари”, “Чархпалак”, “Жийда гули”ни томоша қилиш учун интиқ бўлардик. Ҳозиргилари талабга жавоб бермайди.
Сардор:
- Маданият йўқ, фаҳш тарғиб қилинмоқда. Умуман сериал кўриб бўлмай қолди. Шуларни тасвирга олаётган режиссёрларнинг ҳаммасини қайтадан тарбиялаш керак.
Комрон ҚУРБОНБОЕВ, сурхондарёлик кузатувчи:
- Мақола билан танишиб, унда муаммога оид баъзи масалалар тилга олинмай қолганини пайқадим. Масалан, зўравонлик. Шахсан мен, кино ва сериалларимиздаги зўравонлик акс этган лавҳалар ёшларда муштумзўрликка ҳавас уйғотади, деган фикрдаман. Уларда жиноят қилиш ва қонуний жазодан қочиш бўйича “мастер-класс” ўтилмаяптими? Қайси сериални кўрманг, муштумзўрлар зўр яшайди, қонунга итоат қилган, виждонини сотмаганлар эса ҳокисор. Бу ғоялар жамиятимизга зарар етказади.
Садоқат ОҚИЛОВА:
- Сериаллар ёмон, фарзандларимизнинг онгини бузяпти, деб айтаверамиз. Кўрманглар шу сериални. Фарзандларингизни ҳам назорат қилинг.
Масалан, мен умуман сериал кўрмайман. Чунки ҳеч қандай фойдаси йўқ уларнинг. Болаларимга ҳам рухсат бермайман. Бўш вақтимда кино кўришим мумкиндир, унда ҳам фақат жаҳон киноларини.
Асқар БАРОТОВ.