"СЭС"да маҳсулотлар хавфсизлигини текшириш учун қандай шароитлар яратилган?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зебинисо Раҳмонова шу саволга жавоб олиш учун Санитария-эпидимиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Самарқанд вилоят бошқармаси фаолиятини ўрганди.
Депутат дастлаб бошқарма лабораторияларининг иш жараёни билан танишди. Хусусан, лабораторияларда нафақат юртимизда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, балки экспорт қилинадиган маҳсулотлар ҳам хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича текширилиб, уларга санитария-эпидемиологик хулоса берилиши айтилди. Бу эса ўз навбатида тадбиркорларга амалий ёрдам бўлаётганлиги таъкидланди.
Вирусология лабораториясида юқумли касалликларга қарши ишлар олиб борилаётганлиги билан яқиндан танишди. Соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш мақсадида эса бошқарма томонидан бир неча хизматлар рақамлаштирилган.
Ўрганиш жараёнида депутат ходимлар билан фикр алмашиб, уларнинг тизим фаолиятини янада яхшилаш учун таклифлари, тавсия ва муаммоларини ҳам тинглади. Ходимлар билан ўтган учрашувда экология ва атроф-муҳитни тоза сақлаш, эмлаш календари аҳамияти, фуқароларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш каби муҳим масалаларга тўхталиб ўтилди. Бундан ташқари, боғчаларнинг санитар ҳолатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
- Бугунги кунга келиб юқумли касалликларнинг сони тобора ортиб бормоқда. Аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш энг муҳим вазифалардан бири, – дейди З.Раҳмонова. – Бу борада амалга оширилаётган ишлар фақат марказларда эмас, юртимизнинг энг чекка ҳудудларига ҳам етиб бориши зарур.