Севара Назархонга Самарқандда ўтказиладиган «Samarkand Half Marathon»нинг элчилиги таклиф қилинди
«Тан оламан, бу жуда ҳаяжонли, - деб ёзади хонанда ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида. - Югуришни ёқтираман, аммо бундай йирик марафонда ҳали бирор марта иштирок этганим йўқ. Самарқандда ўтказиладиган марафон шунчаки югуриш мусобақаси эмас, балки катта маънони ифодалашини билганимдан сўнг иштирок учун рўйхатдан ўтдим.
Кутилмаганда ярим марафон жамоаси мен билан телефон орқали боғланиб, бу йил марафоннинг элчиси бўлишимни таклиф этишди. Мен ушбу лойиҳага алоҳида эътибор билан ёндашган ҳолда, @samarkandhalfmarathon да амбассадор сифатида қатнашишимдан ҳамда аутизм билан хасталанган болаларни қўллаб-қувватлашдан мамнунлик туяман.
Эслатиб ўтамиз, Самарқандда шу йилнинг 1 ноябрь куни маданият вазирлиги қошидаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида анъанавий «Samarkand Half Marathon» хайрия югуриш мусобақаси ўтказилади.
Бу йилги марафондан тушган маблағ аутизмдан азият чекаётган болаларга сарфланади. Марафон бутун дунёдаги вазият туфайли икки хил шаклда ўтказилиши белгиланган. Самарқандга кела олмайдиган иштирокчилар марафонда виртуал қатнашиш имконига ҳам эга.