Шаффоф ва адолатли бошқарув барқарор иқтисодиёт кафолати
Вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси ҳудудда соғлом инвестицион муҳитни шакллантириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда коррупцияга қарши курашиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Зеро, шаффоф ва адолатли бошқарув тизими инвестициялар ҳажмининг ортиши ҳамда ҳудуднинг барқарор иқтисодий ривожланишида муҳим омил ҳисобланади.
Бугунги кунда мамлакатимизда инвесторларга ер ажратиш жараёнлари тубдан такомиллаштирилиб, тўлиқ рақамлаштирилган тизимга ўтказилган. Хусусан, ер участкалари эндиликда очиқ ва шаффоф онлайн аукцион савдолари орқали ажратилмоқда. Ушбу тизим барча иштирокчилар учун тенг имконият яратади, инсон омилини кескин камайтиради, қарор қабул қилишдаги субъективлик ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олади.
Мазкур ёндашув нафақат шаффофликни таъминлайди, балки инвесторлар учун энг муҳим омил - ишонч муҳитини шакллантиради. Чунки инвестор учун энг асосий мезонлардан бири барқарор, адолатли ва олдиндан режа қилинадиган тизим мавжудлигидир.
Бошқармамиз томонидан тадбиркорлар, инвесторлар ва кенг жамоатчилик билан мунтазам учрашувлар ўтказилиб, уларнинг муаммолари бевосита эшитилмоқда. Ҳар бир мурожаат юзасидан тезкор ва шаффоф чоралар кўрилаётгани бошқарма фаолиятига нисбатан ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шунингдек, бошқарма таркибида коррупцияга қарши ички назорат тизими йўлга қўйилган бўлиб, ходимлар фаолияти доимий мониторинг қилиб борилмоқда. Этик меъёрларга риоя этилиши қатъий назоратга олинган, қонунбузарликларга нисбатан эса муросасиз ёндашув қўлланилмоқда. Қолаверса, ишга қабул қилиш, лавозимга тайинлаш ва рағбатлантириш жараёнлари очиқ танлов асосида амалга оширилмоқда. Бу эса тизимда ҳалоллик, шаффофлик ва профессионализм тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, бошқарма ва тизим ходимлари учун коррупциянинг олдини олиш, хизмат фаолиятида ҳалоллик тамойилларига қатъий риоя этиш ҳамда замонавий бошқарув кўникмаларини шакллантириш мақсадида доимий равишда семинар ва тренинглар ташкил этилмоқда.
Ўқув машғулотларида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш механизмлари, хизмат этикаси ва ҳалоллик стандартлари, замонавий комплаенс назорат тизимлари бўйича билим ва кўникмалар мунтазам равишда ошириб борилмоқда. Натижада, вилоятда инвестицион жозибадорлик ортиб, ҳалол ва шаффоф бошқарув тизими изчил шаклланмоқда. Энг муҳими, инвесторлар учун очиқ, адолатли ва ишончли муҳит яратилаётгани вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда.
Вохоб ПЎЛАТОВ,
бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари в.б.б.