Шаҳар йўл инфратузилмасида катта ўзгариш бўлади

Таклифлар орасида янги йўл ўтказгич, ақлли светофор ҳамда халқаро йўлни шаҳардан узоқроққа кўчирилиши каби қатор янгиларлар бор.

Маълумотларга кўра, Самарқанд шаҳар марказий кўчалари жадаллиги суткасига 14 минг транспорт воситаси ҳаракатланишига мослаштирилган. Бугунги кунда бу кўрсаткич 55 минг тани ташкил қилмоқда.

Яъни шаҳар кўчаларида белгиланганидан қарийб тўрт баравар кўп транспорт воситалари ҳаракатланмоқда. Оқибатда 20 дан ортиқ чорраҳада тирбандлик кузатилаяпти. Бу эса табиийки, ҳаракат иштирокчиларига ноқулайлик туғдирмоқда.

Шу сабаб Самарқанд шаҳри кўчаларида тирбандликларнинг олдини олиш бўйича ўнга яқин йўналишда таклифлар ишлаб чиқилган.

Кўчалар бир томонлама бўлади

Ишлаб чиқилган таклифлардан бири жамоат транспорти тизими самарадорлигини оширишга қаратилган. Ушбу таклифга кўра, шаҳарга кириш жойларида 3 та автостанция ташкил қилинади. Бундан ташқари, 191 та оралиқ бекатлар қуриш, 123 та мавжуд бекатларда майдонча (карман) ташкил қилишкерак. Ушбу йўналишдаги таклифлардан яна бири 100 та электробус харид қилишдир.

Абдурахмон Жомий, Маҳмуд Қошғарий ва Орзу Маҳмудов кўчаларида синов тариқасида бир томонлама ҳаракатни ташкил қилиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш мақсадида Рудакий, Беруний, Абдурахмон Жомий, Маҳмуд Қошғарий ва Орзу Маҳмудов кўчаларида автобуслар учун алоҳида йўлак ташкил этиш режалаштирилган.

Ўтказгичлар кўпаяди

Тирбандликларнинг олдини олиш борасида ер ости ва ер усти инфратузилмани йўлга қўйиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу борада 4 та йўл ўтказгич ва 16 та пиёдалар йўл ости пиёдалар ўтиш жойи қуриш таклиф қилиняпти.

Йўл ўтказгичлардан бири Спитамен шоҳ – Мирзо Улуғбек – Беруний кўчалари чорраҳасида, иккинчиси, Даҳбед ва Рудакий кўчалари чорраҳасида, учинчиси эса Ибн Сино ва Даҳбед кўчалари чорраҳасида қурилади.

Транзит транспортлар киритилмайди

Таклифлар орасида автотураргоҳ ва йўл усти парковкаларни ташкил этиш баробарида шаҳар айланма йўлларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу йўналишда 17 километр йўлни кенгайтириш, 5,5 километр янги йўл қуриш кўзда тутилмоқда.

Қайд этилишича бу орқали, катта ўзбек тракти Самарқанд шаҳридан бирмунча узоқлашади. Пировардида транзит транспортлар келтираётган юклама йўқолиб, маҳаллий ҳаракат иштирокчиларига енгиллик яратилади.

Шунингдек, шаҳар четидаги йўлларда учта йўл ўтказгич ва 8 та ер ости пиёдалар ўтиш жойи қуриш, 2 та ер ости қайрилиб олиш жойларини ташкил қилиш таклифи берилган. Бу ҳам йўлларда ҳаракат жадаллигини оширишга хизмат қилиши билдирилмоқда.

Светофорлар ақлли бўлади

Светофорлар бошқарув ягона тизимини жорий этиш ҳам кўзда тутиляпти. Бунда 180 та ақлли светофор ташкил этилади, 67 та светофорягона бошқарув тизимига ўтказилиб, 9 та марказий кўчада яшил йўлаклар ташкил этилади.

Тўхташ ва тўхтаб туриш қоидабузарликларини аниқловчи 60 та, мактаблар олдидаги пиёдалар ўтиш жойларига 55 та фото ва видео қайд этиш мосламаси ўрнатилади.

Албатта, бу якуний тўхтам эмас. Яхши янгиликлар ҳали олдинда.

Ё.МАРҚАЕВ.