Шамшод тераклар нега қувраяпти?

– Дарахтлар барг ёзишни бошлаган март-апрель ойларида терак ойначиси деган ҳашарот учиб келади. Узунлиги 2,5-3 сантиметр келадиган мазкур ҳашарот тури сўнгги пайтларда дарахт куртагига уруғ қўйиб, кўпайишни одат қилган. Орадан икки-уч кун ўтгач, улардан минглаб ҳашаротлар чиқади. Ниҳоятда оч бўлгани боис, терак баргини ёппасига емириб, фотосинтез жараёнини тўхтатиб қўяди.
Ҳашаротга қарши курашишда гонсеао супер, према голд ва бензаот супер препаратларини қўллаш мақсадга мувофиқ. Мазкур препаратларни ветеринария дорихоналаридан эмульция консентрат, яъни суюқ ва кукун ҳолида олиш мумкин. Препарат ўн литр сувга тайёрлаб олинади. Сўнгра, зарарланган дарахт¬ларга пуркаб чиқилади. Зараркунанда ҳашаротлардан халос бўлган дарахт ўзини қайта тиклаб олиш хусусиятига эга. Бундан ташвишланмаслик керак. Танасидан яна ёш барглар чиқариб, ўсишда давом этади.
Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш лозим. Терак ойначиси фақат шамшод ва Калифорния терагини емиради. Кўк терак, бақа терак ва бошқа дарахт барглари билан озиқланмайди.
Дарахтни ҳар йилги зарарланишдан асраш учун, кузда тўкилган барг¬ларни очиқ шароитда қолдирмаслик муҳим. Чунки терак ойначиси ўша барглар орасида уйқуга кетади. Ерга кўмилган вақтда, чириндига айланиб, нобуд бўлади.
“Jomboy tongi” газетасидан олинди.