Шавкат Раҳмонов, Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи: Масъулиятсиз ходимларга сафимизда ўрин йўқ

Тизимда кечаётган ислоҳотларни кўриб турибсиз. Айниқса, таъмагарликнинг пайини қирқиш учун унинг барча кўринишларига қарши кенг қамровли ишлар олиб боряпмиз.

Вазирликнинг кадрлар бошқармасида айнан қуйи тизимлар мутахассислари билан ишловчи бошқарма фаолият кўрсатади. Бошқарма бошлиғининг маънавий ишлар бўйича ўринбосари лавозими жорий этилган. Улар ходимлар ўртасида касбимизга ёт ҳаракатларга қарши тарбиявий ишлар олиб боради.

Бундан ташқари, бевосита вазирга бўйсунадиган соҳа хавфсизлиги хизмати, унинг вилоятда ҳам бўлими мавжуд. Бу бўлим, масалан, ИИБ бошлиғига ҳам бўйсунмайди.

Умуман, сафимизни масъулиятсиз кадрлардан тозалаб бориш мунтазам йўлга қўйилган. Штат бирлиги кўплиги учун хизмат интизоми ва қонун итоаткорлигига жиддий эътибор берамиз.

Бошқарма бошлиғи сифатида ўзим бу иш билан доимо ва астойдил шуғулланаман. Негаки, маънавиятсиз, масъулиятсиз ходим, аввало, бошқармамиз обрўсига, халқ ишончига путур етказади. Бундай ҳолатдан сафимизда ҳалол, фидокорона хизмат қилаётган ходимларимиз озор чекади.

Июнь ойида шахсан ўзим жойларда тасодифий текширувлар ўтказдим, аҳолидан тушаётган эътирозларни ўргандим. 20 кун ичида хизмат интизоми бузилиши билан боғлиқ 9 ҳолатни аниқладим. Натижада 4 нафар ходим сафимиздан чиқарилди, қолганларига ҳам жиддий ва қатъий чоралар кўрилди. Бундай тадбирларни прокуратура ва давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда ҳам ўтказяпмиз.

Давлатимиз раҳбарининг соҳамизда олиб бораётган изчил ислоҳотларининг асосий мақсади ички ишларни замонавий ахборот техналогиялари, билимли, маънавиятли кадрлар билан таъминлаш, ички ишлар ходимини халқнинг энг яқин маслаҳатчиси, ҳимоячисига айлантиришдан иборат. Бундай мақсад сари интилишда масъулиятсиз ходимларга орамизда ўрин бўлмайди.