Шайх Сулаймоннинг Туркиядаги Бухоро Ўзбек такясининг нуфузи ошишида ўрни қандай бўлган?

Шайх Сулаймон Афанди ҳаёти ва фаолиятининг муҳим қисми усмонийлар салтанатида 1839-1876 йилларда амалга оширилган, ижтимоий-сиёсий, илмий адабиётларда танзимат деб аталувчи модернистик ислоҳотлар даврига тўғри келади.

Бу даврда усмонийларнинг биринчи конституцияси қабул қилинган. Танзимат даврида аввалги ислоҳотлардан фарқли ўлароқ, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар биринчи ўринга чиққан. Чунки кўпгина ички ва ташқи сабаблар туфайли турк жамияти инқироз сари бораётган, давлатнинг айрим тузилмаларида таназзул бошланган эди. Ислоҳотдан мақсад  марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш орқали кўп асрлик усмонийлар салтанатини муқаррар парокандалик ва парчаланишдан сақлаб қолишдан иборат эди. Чунки давлат бошқарувини ислоҳ қилишга қаратилган барча аввалги уринишлар турк жамиятининг тараққиётига етарлича ёрдам бермади. Қолаверса, бир неча омадсиз урушлар туфайли усмонийлар ўз қўл остидаги бир қанча ҳудудлардан маҳрум бўлдилар. Иқтисодий ҳаёт издан чиқа бошлаганди.

1839 йилнинг охирида Султон Абдулмажид тарихда Гулхона хатт-и-шарифи (“муқаддас фармон”) деб аталувчи фармонни эълон қилади. 1856 йилнинг февралида ташқи кучлар таъсири остида ушбу фармон қоидаларини тўлдирувчи яна бир муҳим ҳужжат – хатт-и ҳумоюн эълон қилинди.  Ушбу ҳужжатлар халқаро миқёсда усмонийларнинг мавқеини пасайтирган бўлса-да, танзимат даврида қабул қилинган қонунлар давлат бошқарувини такомиллаштиришга ёрдам берди. Дастлабки темир йўлларга асос солинди.

Биринчи банкноталар чиқарилди, Молия вазирлиги, банклар, хайрия ташкилотлари, пайчилик жамиятлари, фонд биржаси таъсис этилди, телеграф тармоқлари барпо этилди. Танзимат даврида бошқа соҳаларда ҳам бир қанча  муҳим ўзгаришлар юз берди. Биринчи университетлар, Фанлар академияси, педагогика мактаблари ва бошқа турдаги ҳар хил таълим муассасалари фаолият бошлади. Журналистика кодекси (Matbuat Nizamnamesi, 1864) ва ноширлик фаолияти тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Буларнинг ҳаммаси ўрта асрчилик анъаналари жуда барқарор бўлган юртнинг вакили бўлмиш Шайх Сулаймон Афандининг кўз ўнгида юз берарди. Албатта, бу жараёнларнинг қандай натижа берганлигидан қатъи назар, улар Шайх Сулаймон Афандида катта таассурот уйғотмасдан қолмас эди. Чунки амалга оширилаётган ўзгаришлар Европанинг асосий мамлакатлари учун босиб ўтилган босқич бўлса-да, Туркия учун кўп жиҳатдан бутунлай янгилик, Марказий Осиёдаги вазиятни оладиган бўлсак, ақлбовар қилмас ҳодиса эди. Ушбу ислоҳотлар Шайх Сулаймон Афандининг қайноқ ва самарали ижтимоий-сиёсий, бадиий-ижодий, дипломатик, илмий-ноширлик фаолияти учун имкониятлар очиб берди, турк жамияти ҳаётида тўлақонли иштирок этишга ҳуқуқий асослар яратди.

Туркиянинг ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётида Бухоро Ўзбек  такясининг нуфузли ўринга эга бўлиши ушбу даргоҳнинг  машҳур шайхи Сулаймон Афанди ал-Бухорийнинг (1821-1890) шахси ва унинг зиммасидаги расмий вазифалар билан ҳам чамбарчас ва узвий боғлиқдир. Аслида анчадан бери сиёсий ва дипломатик фаолият ичида бўлган шайхга ва унинг такясига усмонийлар ҳукумати томонидан алоҳида муносабат ва эҳтиром кўрсатилаётганди. Шайх Сулаймон Афанди томонидан Султон Абдулазиз давридан бери исломпарварлик ва туркпарварлик сиёсат доирасида махсус миссиялар амалга оширилган, у элчилик вазифасини бажарган, расмий вазифаларга тайинланган.

Шайх Сулаймон Афанди Боби Олий томонидан Усмонийлар элчиси сифатида 1868 йилда (баъзи манбаларда 1869 йилда) Ҳиндистон, Ўрта Осиё, Афғонистон ва Бухорога юборилади. Шайх Сулаймон Афандининг 1872 йилгача давом этган сафаридан мақсад мусулмонларга Усмонийларнинг кучини эслатиш, кутилаётган рус ва хитой таҳдидидан огоҳ этишдан иборат бўлган. У ўз кўрган-кечирганлари асосида Бухоро элчиси Абдулхай Афанди билан бирга бир ахборотнома тайёрлаган. Сулаймон Афанди 1872 йил октябрь ойида Бухорода амалга оширилиши керак бўлган бешта ислоҳот лойиҳасини ишлаб чиққан.

Ушбу қўшимча ҳисобот шайхнинг фан ва техниканинг аҳамиятини, таълим соҳасида ислоҳотлар ўтказиш зарурлигини тушуниб этганлигини кўрсатади. Афсуски, ишлаб чиқилган икки ҳужжатнинг ижросига амир Музаффархон томонидан изн берилган ёки берилмагани ҳақида аниқ маълумотга эга эмасмиз.

Шайх Сулаймон Афандининг Бухорога келишдан  мақсади  юзага келган тарихий вазиятда турк ҳукуматининг нуқтаи назарини амирга шахсан етказишдан иборат бўлганлиги аниқ. Чунки рус босқини арафасида Бухоро амири “турк ҳукуматидан ҳарбий ёрдам сўраган, қурол-аслаҳа тайёрлаш бўйича ҳарбий маслаҳатчилар ва мутахассисларни юборишни таклиф қилган эди, аммо турк ҳукумати Россиядан хавфсираб, бу илтимосни рад қилади”. Ҳатто Музаффархон турк фуқаролигини олиш бўйича таклиф юборган эди. 1871 йил 8 февраль санаси билан усмонийлар бош вазирига юборилган меморандумда амирликни Туркия тасарруфига олиш сўралган ва унда ёзилишича: “Бухоро мамлакати ва раиъяти ҳамма нарсада усмонийлар салтанатига бўйсунади, унинг истакларини ва барча буйруқларини сўзсиз ва дарҳол бажаради. Мамлакатимиз ҳукумати усмонийлар паноҳи остида бўлиб, усмонийлар салтанатининг маслаҳатлари ва буйруқлари сўзсиз бажарилишини таъминлайди”.

Афсуски, ушбу мактуб кечикиб ёзилганди, чунки салкам уч йил аввал Бухоро амирлиги чор Россиясининг вассалига айланиб, мустақилликдан айрилиб бўлган эди. Хуллас, Амир Ҳайдарнинг 1820 йилдаги худди шу мазмундаги  илтимоси масофа олислиги ва руслардан хавфсираш оқибатида қаноатлантирилмагани каби унинг бу ҳаракати ҳам турклар томонидан қўллаб-қувватланмади. Чунки бу даврда турк жамиятидаги аҳвол ҳам яхши эмас эди, усмонийларга нисбатан ташқи ва ички тазйиқлар ҳаддан ташқари кучайиб бораётган бир пайт эди.

Аслини олганда Бухоро амири нафақат тил яқинлиги учун, балки усмонийлар салтанатининг диний мақоми туфайли ҳам шундай мактуб ёзишга ҳақли эди. Чунки турк султони усмонийлар салтанатига кирмаган олис мусулмон ўлкаларида ҳам (ҳозирги Индонезия, Малайзия, Сингапур, Қашғар, Хитойдаги Пантэя қироллиги) барча мусулмонларнинг халифаси ҳисобланарди. Бунинг сабаби эса мусулмонларнинг уч муқаддас шаҳри – Макка, Мадина ва Қуддуснинг усмонийлар давлати таркибида эканлиги, бу шаҳарларнинг усмонийлар қўл остида ривожланаётганлиги билан боғлиқдир. Қолаверса, ҳатто Қашғар хонлигида турк султонлари Қашғар давлатининг бошлиғи деб эълон қилинган ва унинг номи билан танга зарб этилган. Бухородаги Жомеъ масжидларида ҳар ҳафтадаги жума намозларида турк султонларининг номи халифа ва мусулмонлар раҳнамоси сифатида хутбага қўшиб ўқилган. Ушбу ҳолатлар ва 1876 йилда қабул қилинган усмонийлар салтанати Конституциясининг 4-моддасида турк султонининг халифа ҳисобланиши сабабли мусулмон динининг паноҳи, барча усмонийларнинг етакчиси ва подшоҳи эканлиги ёзиб қўйилганлиги барча мусулмонларни ҳимоя қилишга турк ҳукмдорларига маънавий ҳуқуқ берган.

Афсуски, ана шундай вазиятда Шайх Сулаймон Афандининг ўз ватанига – Бухорога келиши совет даврида таниқли ўзбек тарихчиси томонидан “русларга қарши қўпорувчилик фаолиятини амалга ошириш” учун султон топшириғи билан амалга оширилган айғоқчилик сафари сифатида талқин этилган, Истанбулдаги Бухоро Ўзбеклар такяси эса “айғоқчи ёллаш макони” деб баҳоланганди. Аслида эса инсоф билан айтганда, қандай шаклда бўлишидан қатъи назар, ўз давлати, миллати манфаатлари учун хизмат қилиш ҳеч қачон қўпорувчилик фаолияти сифатида баҳоланмаслиги керак.

Сафар якунида ўз ватани мустақилликдан айрилиб, вассал тузилмага айланиб қолганига шахсан гувоҳ бўлган Шайх Сулаймон Афандининг бутун иқтидорини, тажрибасини Туркия манфаатлари йўлида, туркпарастлик, исломпарастлик йўлида сафарбар қилишдан ўзга йўли йўқ эди ва бошқача бўлиши ҳам мумкин  эмас эди. Аммо у амир-у хонлари маишатдан ортмаган, бир-бирининг  ерига кўз олайтиришдан тийилмаган, мулла-ю муфтилари бундай ношаръий ишларга шаръий ҳукмлар топиб беришда пешқадам бўлган юртнинг яқин келажагидан  умидворликни узмаган эди.

Туркия тарихи саҳифаларида Шайх Сулаймон Афандининг номи Бухоро Ўзбеклар такясининг шайхи, усмонийлар салтанатининг элчиси ва дипломати деб аталишдан ташқари, у фавқулодда дарвеш деб ҳам тилга олинади. Шайх Сулаймон  Афандининг Инстанбулдаги Буюк Британия элчихонаси мулозимлари билан муайян алоқалари бу фикрнинг туғилишига сабаб бўлган. Гап шундаки, ушбу иддаони илгари сурувчилар Шайх Сулаймон Афанди Бухоро Ўзбеклар такясига келган ватандошлардан ўзи олган маълумотларни ва дипломатик сафарларда туғилган таассуротларни, усмонийларнинг Ўрта Осиёдаги фаолиятлари ҳақидаги хабарларни инглизларга етказиб турганлиги ҳақида архив ҳужжатларида маълумотлар борлигини таъкидлайдилар.

Хуллас, Шайх Сулаймон Афанди ўзини “расмий ва диний мусулмон доираларда катта ҳурматга сазовор”,  “ўта эпчил, зийрак ва жуда билимдон”, “буюк олим”, миллатпарвар, динпарвар инсон, илм-маърифат ҳомийси, турк жамиятининг, ижтимоий-сиёсий ҳаётининг фаол сиймоси сифатида намоён қила олган.


 Саъдулла Ғайбуллаев