ШҲТнинг Самарқанд саммитига кимлар келади?

Ташқи ишлар вазирлигида 26 август куни ШҲТ ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов иштирокида брифинг ўтказилди.

Р.Нуримбетовнинг таъкидлашича, бу галги саммит анъанавий шаклда ўтади, барча аъзо давлатлар раҳбарлари, шунингдек, ШҲТ таркибидаги кузатувчи давлатлардан Беларусь, Эрон ва Мўғулистон етакчилари ҳам тадбирда иштирок этишини тасдиқлаган.

Раислик қилувчи давлат ташаббуси билан муҳим шерик давлатлар раҳбарлари ҳам энг юқори даражадаги йиғилишга таклиф этилиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, Туркия ва Туркманистон Президентлари ҳам Самарқандга келишини тасдиқлаган. Умуман, бошқа қатор давлатлар раҳбарлари томонидан ҳам ушбу саммитга катта қизиқиш билдирилмоқда.

Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган 15 га яқин ҳужжат Самарқанд саммитида тақдим қилиниши кутилмоқда.

Аъзо давлатлар билан келишилган ҳолда тайёрланган яна 30 га яқин ҳужжат анжуман иштирокчилари муҳокамасига қўйилади. 

Ўзбекистон ташаббуси билан кўтарилаётган масалалар хусусида тўхталаркан, Раҳматулла Нуримбетов Президентимиз алоҳида эътибор қаратиб, илгари сурган уч асосий йўналиш – транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ва туризм соҳасини ривожлантиришга урғу берди.