Шикоят ўрганилди. Натижадан кўнгил тўладими?

Унда муаллифнинг кўп йиллардан буён "Ургут савдо комплекси"да савдо фаолияти билан шуғулланаётгани, ҳар ойда патент тўлаётган бўлса-да, М.Жабборова унинг савдо жойини эгаллаб, ишлашига халақит бераётгани баён этилган. Хатни ўрганиш учун вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмасига юбордик ва уюшма раиси Т.Мамадалиевдан қуйидаги мазмунда жавоб олдик:
"Н.Очилованинг аризаси жойида ўрганилди. Маълум бўлишича, "Ургут савдо комплекси"да унга қарашли савдо дўкони мавжуд бўлмаса-да, 2012 йил 28 августдаги Вазирлар Маҳкамасининг "Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 253-сонли қарори талабларига зид равишда ясама пештахтада савдо фаолияти билан шуғулланиб келган.
Унинг пештахтаси М.Жабборованинг салқин ичимликлар павильони олди қисмига қўйилиб, эркин савдо қилишига тўсқинлик қилмоқда. Ваҳоланки, М.Жабборова кадастр ҳужжатларига эга. Тадбиркорлик фаолияти бўйича солиқ тўловларини амалга оширади ва Н.Очилова томонидан қилинаётган савдога эътирози йўқ.
Шикоятда аризачи аҳволи ночорлиги, дўкони йўқлиги ва бу масалада жамият бошқаруви томонидан ёрдам кўрсатилмаётганлигини ёзган. Бу масала юзасидан жамият бошқаруви томонидан амалга оширилаётган ишлар ўрганилиб, сотувчи ва харидорларга шароитлар яратиш, ноқонуний ўрнатилган пештахта ва ясама соябонлардан ҳудудни тозалаш чоралари кўриляпти. Ҳозирги кунда жамият бошқаруви томонидан замонавий ва бир ҳажмдаги пештахталар ясаш учун буюртмалар берилганлиги, уларни тартиб билан ўрнатиб, дўконлари мавжуд бўлмаган сотувчиларга ижарага бериш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Аризачига павильон олдидаги пештахтаси ноқонуний ўрнатилганлиги ва бу бозор ҳудудидан олиб ташланиб, унга фаолияти учун жамият томонидан ясалган ва тартиб билан ўрнатилган пештахтада савдо қилиши учун берилиши айтилди".
Хат ташкилот томонидан атрофлича ўрганилгани жавобдан маълум. Аммо Н.Очилова билан телефон орқали боғланганимизда, унга амалий ёрдам кўрсатилмаганини айтди.
– 2011 йилдан буён "Ургут савдо комплекси"да савдо қиламан, – дейди Н.Очилова. – 2012 йилда М.Жабборова павильонни сотиб олди ва 4 кишига ижарага берди. Ҳар ой мен каби 3 киши ҳам унга ер солиғи учун 150 минг сўм тўлаб келамиз. Шу вақтгача яхши ишлаб келаётган эдик. Аммо ўтган йилнинг ноябрь ойидан М.Жабборова павильон олдига матоларни илиш учун темирдан тўсин ясаттирди. Бу менинг савдо қилишимга халақит беряпти. Ахир иккимиз ҳам шу ердан рўзғор тебратамиз. Бу ишлари нотўғри эканлигини айтсам, мени ҳатто қўрқитишга ҳам уринди. Мурожаат тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилди-ю, натижасиз. Тўғри, яқинда бозорга янги пештахталар олиб келинди. Аммо талабга жавоб бермайди. Фанердан ишланган бу пештахталар омонат бўлиб, фақатгина нон, писта, қурт сотишга мўлжалланган. Оғир нарсаларни кўтара олмайди. Нархи 2 миллион сўм. 

Н.Очилова гапларини эшитар эканмиз, одамлар орасида меҳр аталмиш туйғунинг йўқолиб кетаётганига ачиндик. Ахир оддий келишув билан ҳал бўладиган масаланинг юқори ташкилотларгача етиб бориши тўғрими? Аслида бу каби муаммолар ширин сўзимиз, эзгу амалларимиз, инсоний фазилатларимиз орқали ҳал этилмайдими?

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.