Шўракда янги маҳалла биноси қурилди

Каттақўрғон тумани Шўрак маҳалласи аҳолиси қўшалоқ байрам кайфиятида. Сабаби, мустақиллигимизнинг 31 йиллик шодиёнаси арафасида ушбу маҳалла маркази янги бинога эга бўлди.

Маҳалла марказининг янги биноси очилишида туман ҳокими Жамшид Насриддинов, вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов, сектор раҳбарлари ва маҳалла аҳли иштирок этди.

- Шу кунгача маҳалламиздаги электр таъминоти корхонаси биносининг битта хонасида фаолият олиб борардик, - дейди маҳалла раиси Ғафур Қўлдошев. -  Бугун эса янги замонавий бинога эга бўлдик. Бу ерда фаолият олиб бораётган ҳар бир ходимга алоҳида хона ажратилган. Маҳалла марказига келган аҳоли ҳам яратилган шароитдан мамнун бўляпти. 

Янги бинонинг очилиш маросимида сўз олганлар маҳалла аҳлини кириб келаётган қутлуғ байрам ва топширилган янги бино билан қутлади. 

Худди шундай тадбирлар Пайариқ туманида ҳам бўлиб ўтди.  Тумандаги "Ўзбекистон", "Гулзор" ва "Фаровон" маҳаллаларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди. Шунингдек, "Гулзор" ва "Фаровон" маҳаллаларида саховатпеша инсонлар кўмаги билан кам таъминланган икки нафардан оила фарзандларининг суннат тўйлари ўтказиб берилди.

Сулаймон Мардиев.