Шов-шувли ташаббуслар, музокаралар, таклифлар кўп, лекин аниқ натижалар йўқ

Трамп ва Путиннинг учрашув ташаббуслари ортидан турли дипломатик қарашлар юзага келмоқда.

Трамп маъмуриятидаги юқори лавозимли манбаа Politico нашрига маълум қилишича, АҚШ президенти Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путинга қўнғироқ қилиб, Зеленский иштирокида уч томонлама учрашув ўтказишни таклиф этган. Бироқ Путин бу таклифни рад этиб: «Сиз иштирок этмасангиз ҳам бўлади. Мен уни яккама-якка кўришни истайман», деган. Шундан сўнг Трамп жамоаси ушбу масала юзасидан иш олиб бора бошлагани, Стив Уиткофф эса жараёнга масъул этилгани хабар қилинмоқда.

Шу билан бирга, AFP агентлиги Путин Трамп билан кечки телефон мулоқоти давомида Зеленский билан Москвада учрашиш таклифини билдирганини қайд этади. Сиёсий кузатувчиларнинг таъкидлашича, бундай ташаббус дипломатия тарихидаги энг ғайриоддий таклифлардан бири сифатида баҳоланиши мумкин.

Хитой – Украина хавфсизлиги кафолати

Россия президенти Владимир Путин Украина учун хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилишга тайёр эканини билдирди ва Хитойни эҳтимолий гарантлардан бири сифатида тилга олди. Бу ҳақда Axios агентлиги манбаларга таяниб хабар бермоқда.

Нашрга кўра, бу Владимир Путиннинг Украина хавфсизлигини таъминлаш жараёнига НАТО қўшинларини жалб қилишни истамаслигидан далолатдир. АҚШ президенти Дональд Трамп эса альянс бу вазифада иштирок этмаслигини маълум қилди. Шунингдек, у бундай кафолат сифатида Украинада Америка қўшинларини жойлаштириш имкониятини ҳам кўриб чиқмаяпти.

Бундан аввал АҚШ раҳбари Европа иттифоқчилари билан биргаликда Киев учун НАТОдан ташқари кафолатларни муҳокама қилган, аммо улар НАТО уставига ўхшаш тарзда шаклланиши назарда тутилган. Унга кўра, агар НАТОнинг бир аъзосига ҳужум қилинса, бу барча аъзоларга қилинган ҳужум сифатида қабул қилинади.

Швейцария Путинни Женевада ҳибсга олмасликка ваъда берди

Хабарингиз бор, 2023 йилда Халқаро жиноят суди Украина оккупация қилинган ҳудудларидан болаларни ноқонуний депортация қилиш айби билан Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловага нисбатан ҳибс ордери чиқарди.

Шунга қарамасдан, агар Владимир Путин Украинада тинчлик музокаралари учун Женевага келса, Швейцария унга иммунитет тақдим этади. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Иньяцио Кассис маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу қарор Халқаро жиноят суди чиқарган ҳибс ордерига қарамасдан қабул қилинган.

Айнан Женева президент Владимир Зеленский ва Путин учрашиши мумкин бўлган майдон сифатида кўрилмоқда. Франция президенти Эммануэль Макрон кеча шу шаҳарни таклиф этди. Шу билан бирга, Reuters хабарига кўра, музокаралар Будапештда ҳам ўтиши мумкин. Венгрия ҳукумати 2025 йил май ойида Путинга сиёсий яқинлигини кўрсатиб, Халқаро жиноий суддан чиқиш ҳақида қарор қабул қилган эди.
Sky News маълумотига кўра, учрашув Европада ўтказилиши керак. Мумкин бўлган майдонлар сифатида Истанбул ва Минск ҳам тилга олинмоқда.

Украина фойдасига муҳокамалар

Reuters маълумотига кўра, НАТО ҳарбий етакчилари бугун Украинадаги вазиятни муҳокама қилиш ва кейинги қадамларни режалаштириш учун йиғилади. 19 август куни европалик амалдорлар Украинага Британия ва Франция қўшинларини юбориш режасини муҳокама қилдилар. Гап тинчлик келишуви доирасида қўшинлар сони ва уларнинг жойлашуви ҳақида кетмоқда. Агар Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар тўхтаса, яқин кунларда европалик ҳарбий амалдорлар АҚШ билан учрашиб, «хавфсизликни таъминлаш кучларини жойлаштиришга тайёргарлик бошлайди».

Албатта, Россия НАТО қўшинларининг Украинада жойлашишига кескин қарши.

Г.Холдорова тайёрлади.