Икки ҳафталик танаффус: АҚШ ва Эрон музокараларга тайёрланмоқда

АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронга қарши зарбаларни икки ҳафтага тўхтатишга рози эканини маълум қилди. Унинг айтишича, бу қарор Эрон томонидан Ҳурмўз бўғозини тўлиқ ва хавфсиз очиш шарти билан қабул қилинган.

Трампга кўра, ўт очишни Эрон ҳам тўхтатади ва бу икки томонлама сулҳ бўлади. У бу қарорни Покистон раҳбарияти билан музокаралардан сўнг қабул қилганини билдирди.

Маълум қилинишича, Исроил АҚШ билан бирга вақтинчалик ўт очишни тўхтатишга рози бўлса-да, ҳужумларни давом эттирмоқда.

Шу билан бирга, Эрон хавфсизлик кенгаши ҳам, агар ҳужумлар тўхтатилса, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишини тасдиқлади.

Хабарларга кўра, АҚШ зарбалари аллақачон тўхтатилган. Томонлар ўртасида музокаралар ўтказишга тайёргарлик кетмоқда. Илк учрашув 10 апрель куни Исломободда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Эрон тақдим этган таклифлар асосида музокаралар олиб борилиши режалаштирилган. Унда ўт очишни тўхтатиш, санкцияларни бекор қилиш, Ҳурмўз бўғози устидан назоратни сақлаш ва АҚШ қўшинларини ҳудуддан олиб чиқиш каби шартлар бор.

Шу билан бирга, Эрон томони музокараларга “тўлиқ ишончсизлик” шароитида киришаётганини билдирмоқда.

Дональд Трамп икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш келишувидан сўнг АҚШнинг “тўлиқ ва якуний ғалабаси”ни эълон қилди, деб хабар бермоқда ОАВ. «Тўлиқ ва якуний ғалаба. 100 фоиз. Ҳеч қандай шубҳа йўқ», — деди у. Қизиғи шундаки, Эрон ҳам ўзини ғолиб деб атамоқда.

“Урушда ғолиб бўлмайди, деган гап бор, лекин бу сафар иккала, ҳатто учала томон ҳам ўзини ғолиб деб эълон қилгани яхшиликка бўлсин.

Г.Холдорова тайёрлади.