Шуҳратпарастлик нима?

Бу саволга кўпчиликнинг жавоби аниқ. Луғатларда бу сўзга «халққа дарров танилишга, шуҳрат қозонишга тиришадиган, ўз хизматининг афзаллигини бўрттириб кўрсатадиган, манман, мақтанчоқ» деб изоҳ берилган.

Лекин ҳар бир даврнинг ўз шуҳратпарасти бўларкан. Оноре де Бальзак «Шуҳратпарастлик бор ерда самимиятга ўрин йўқ» деб бежиз айтмаган экан. Ҳадисларда ҳам шуҳратга мойиллик миннат билан баробар гуноҳ сифатида келтирилади.

Очиғи, бу мавзуда ёзишимга аҳоли билан учрашувдан олдин ёнимга келган маҳалла фаоли билан суҳбат сабаб бўлди. Фаол деганимнинг боиси, у 2-3 йилдан бери менга қишлоқдаги камчилик ва муаммолар тўғрисида хабар бериб турарди. Тадбиркорликни бошлашда қийналган маҳалладошларини бошлаб ҳам келганди. Муаммо ечими бўйича борган ишчи гуруҳини кутиб олиб, кузатиб қўярди. Ўзи аслида сув иншоотида қоровулликдан пенсияга чиққан.

- Ҳозир мулоқотда одамларга менинг фидойилигимни айтиб қўйинг, илтимос. Улар жонкуярлигимни билиб қўйишсин, - деди у тортинмай.

- Мен депутат сифатида ўз режам асосида учрашувга келдим. Муаммолар бўлса, уларни бевосита ижрочиларга тавсия этамиз.

- Йўқ, ака, мени одамлар тан олишади, маҳалла оқсоқоли билан эмас, мен билан маслаҳат қилишади. Бу ҳудуддаги ҳар бир иш менинг иштирокимда бўлиши керак, билиб қўйинг!

Йўқ, мен у кишига таъна қилмоқчи эмасман. Чунки оқсоқолларнинг бўшлиги туфайли эҳтимол бундай фаоллар пайдо бўлаётгандир. Фақат уларнинг ўзига жамоатчиликдан ҳурмат, иззат талаб қилаётгани маъқулга ўхшаб кўринмаяпти.

Маҳаллаларда «ҳожатбарор»ларнинг ўзига хос гуруҳи шаклланди. Бир томондан халқ дардини айтадиганларнинг кўп бўлгани яхши. Минг афсуски, айрим аламзада ёки товламачилар мурожаатларга берилган ошкораликдан шахсий манфаати йўлида фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар.

- Туманимизда бир эркак ва аёл пайдо бўлган, - дейди танишим. – Ўзларини гоҳ блогер, гоҳ журналист, гоҳ адвокат деб таништиришади. Нуқул бирор танловда омади чопмаганларни, ишдан кетганларни, аризачиларни ахтариб юришади. Улар ҳар куни хизмат кўрсатувчи ёки назорат идоралари олдида туришади. Битта айби шуки, улар ҳар бир ҳаракатига шуҳрат ва пул талаб қилишади. Бизни кўрганда ҳамма чўчиб турсин, дейишади.

Албатта, ҳаётда омади чопмаган, озроқ қийналганлар ҳар бир кўнгил сўровчидан нажот ахтаради, умид қилади. Шуҳратпарастлар ана шу ҳолатдан фойдаланишади. Дарвоқе, бундай «ҳожатбарор»ларни ахборот билан таъминлаб турувчи ҳангоматалаблар ҳам бор.

Бу масалада одилона фикр қилмоқ лозим. Мутасадди идоралар ходимлари ариза ва мурожаатни масъулият, эътибор билан ўрганиб чиқмагач, ечимини орқага ташлагани учун улар дуч келган кишидан нажот ахтаришмаяптими? Шуҳратпарстликда эртани, оқибатни ўйлашга имкон бўлмайди. Масала ечими борми-йўқми, бундан қатъий назар, шов-шув кўтарилиб, кўпчилик диққатини тортиш муҳимдир.

Баъзи кишиларда бирор соҳада кўпроқ ишлаб қўйгандан сўнг айрим ношуд ҳамкасбларининг ишини кўриб шуҳратга мойиллик уйғонади. Кўпйиллик стажига мукофот талаб қила бошлайди. Ваҳоланки, мукофот стажга эмас, меҳнатга қараб берилади. Қолаверса, яхши ишлаган ҳар бир киши маош ва мукофот пули олади.

Аёлларнинг тўй, давраларда янги либоси-ю зебу зийнатини намойиш қилиши, эркакларнинг эса бошқалар олдида ўзини зўр, билимдон, ақлли қилиб кўрсатишга уриниши ҳам шуҳратпарастлик. Бошқаларга ёқиш учун қилинган ҳаракат ҳам шундай.

Халқ доимо обрўталаб, шуҳратпарастларни ёқтирмаган, ёқтирмайди ҳам. Бундайларнинг хатти-ҳаракатини жим туриб кузатса-да, ҳазм қилмайди. Лекин шуҳратпараст бундай кайфиятни таҳлил қилиб ўтирмайди, чунки у шуҳрат қозониши, одамлар уни тинглаши керак.

Иллат сифатида шуҳратпарастликнинг зарари шундаки, айрим ношуд, ўртамиёналарда ҳам шундай кайфият пайдо қилади. Бу ҳол ҳалол, яхши, қаноатли кишиларга оғир ботади.

У инсондаги шарттакилик, бошқаларни менсимаслик, юзсизлик каби иллатларга йўл очади. Бундай пайтда шуҳратпарастга гап уқтириб бўлмайди.

Ҳар кимнинг шуҳрати оилада ҳам, жамоада ҳам, жамиятда ҳам ўзи билан бирга бўлади. Яъни, бу ҳар бир касб эгасининг касб маҳоратига, камтарлиги ва самимиятига боғлиқ дегани. Бу масалада ўртамиёна ёки обрў тополмаган кимсаларнинг зўраки уриниши шуҳратпарастликка тегишлидир. Шуҳратпарастлик жамиятнинг эътиборсизлигидан юзага келади ва аксинча, жамиятнинг эътиборидан барҳам топади.

Шундай экан, шуҳратпарастга дуч келганда “Унга Худонинг ўзи бас келсин” деб ўзни четга олманг, муносабат билдиринг. Муҳими, шуҳратпарастликдан тийилинг.

 Фармон ТОШЕВ.