Сиддиқий-Ажзий 120 йил аввал Жомбойда мактаб очган
Жомбой туманида маърифатпарвар аллома Саидаҳмад Сиддиқий-Ажзий таваллудининг 160 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди.
Тадбир тумандаги муқаддас қадамжо - Имом Шамсулайимма Абдуллазиз ибн Аҳмад - Ҳалвойи ота мақбарасини зиёрат қилиш билан бошланди.
''Саидаҳмад Сиддиқий-Ажзий ва унинг адабий мероси'' мавзусидаги илмий-амалий анжуманда қатнашган адабиётшунос олимлар, таниқли шоир ва ёзувчилар буюк аллома, жадид намояндаси Ажзий ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритди.
- Сиддиқий ўқитувчилик қилган ҳамда вақтли матбуот нашрларида фаол иштирок этган, - дейди СамДУ профессори Маҳкамой Турсунова. - Ватан, илм-маърифатга бағишланган мақолалари билан Қозон, Оренбург ва Кавказдаги нашрларда ҳам фаоллик кўрсатган. Аллома 1917 йил феврал инқилобидан кейин ижтимоий ҳаракатда бевосита иштирок этган. 1918-1921 йилларда вилоят адлия комиссари лавозимида ишлаган. 1922 йилдан яна ўқитувчиликка қайтган. Самарқандда ўзбек ва тожик тилларидаги «Машраб», «Мулла Мушфиқий» каби ҳажвий журналларни, «Зарафшон» газетасини чиқаришда фаол иштирок этган. «Майна», «Гинагина», «Шашпар», «Тир», «Гумном», «Олмос» имзолари билан ҳажвий асарлар ёзган. Уларда шўро тузумида юз бераётган ўзгаришларни хушламаслик, келажакдан хавотирланиш кайфиятлари сезилади. 1903 йилда Ҳалвойи қишлоғида шоир қурдирган мактаб бугун ҳам бор.
Тадбир иштирокчилари ушбу мактаб биноси ва масканда ташкил этилган музей ҳамда шу ҳудуддаги 19-мактаб фаолияти билан танишди.
Қатнашчилар маҳалладаги 1250 йиллик чинор соясида маърифат, ижод ҳақида суҳбатлашди.