Эрта улғайган болалар
Тунги соат бирлар атрофида монтажчи ҳамкасбим билан студиядан кўчага чиқдик. Урганч шаҳри уйқуда, ҳаво анча совуқ. Йўл четидаги машина таъмирлаш устахонасига кўзим тушди.
Кўтаргичда турган машина тагида 15 ёшлар атрофидаги йигитча, қўлида калит билан мойга ботиб, бор кучи билан ниманидир бурашга уринарди. Тепасида машина эгаси - 40 ёшлардаги киши унга буйруқ оҳангида, қўпол сўзлар билан нималардир деб танбеҳ беряпти. Ташқаридан қараган одамда: “Нега бу бола бу ерда? Нима учун иссиқ уйи, ота-онаси бағрида эмас?” деган савол уйғониши табиий...
Ҳаёт дарсхонаси китобдагидек бўлмас экан. Ҳар бир бола ота-она бағрида, беғам яшаши керак, деб ўйлаймиз. Аммо турмуш барча учун бир хил кечмас экан. Баъзи болалар бор, ёшлигидан оила юкини, рўзғор масъулиятини елкасига олади. Биз уларни бечорага чиқарамиз, бахтсизликка йўямиз. Аммо улар ҳаётнинг аччиқ имтиҳонидан имтиёзли ўтаётганлардир. Улар оила деган муқаддас қўрғонни сақлаш учун болалигини қурбон қилганлардир.
Эътибор берганмисиз, бугунги дунёни ўзгартираётган миллиардерлар, йирик компания раҳбарлари ёки ўз соҳасининг ҳақиқий усталари билан суҳбатлашилса, уларнинг болалиги айнан мана шундай - қора меҳнат билан бошланганига гувоҳ бўласиз. “Сизни нима кучли қилди?” дейилса, улар ўйинчоқларини эмас, балки совуқ тунлардаги меҳнатини, сабр-бардошини, ота-онасига елкадош бўлиш учун кечирган машаққатларини сўзлаб беришади.
... Ўша тунда кўрганим – қўли қора мой болакай аслида ўзининг келажаги учун энг мустаҳкам пойдеворни қўймоқда. Машина эгасидан эшитаётган қўпол сўзлар эртага уни ҳаётнинг каттароқ зарбаларидан асрайдиган қалқонга айланади. У ҳалол нон топиш, деган буюк дарсни ўзлаштиряпти.
Индаллосини айтганда, у бола - барвақт улғаяётган авлод. Унинг болалиги ўғирланган эмас, балки келажагига сармоя қилиб тикилди. Муҳими, у меҳнатнинг, вақтнинг ва ота-онанинг қадрини бошқалардан эрта англайди. Бу каби ҳолатдаги болаларга кўзимиз тушган пайт уларга раҳм-шафқат билан эмас, балки ҳурмат билан қарашимиз керак. Улар пешана тери билан топган нонини уйига олиб борар экан, унинг таъми дунёдаги энг буюк лаззат бўлади. Зеро, пишиқ ғишт оловда тобланганидек, кучли шахслар ҳаётнинг мана шундай синовларида шаклланади.
Гулрух МАТЧАНОВА.