Сеҳрингни сабаби нимада санам?
Ўзим ҳам шу зот вакиласи бўлсам-да, ҳайратларимни изҳор қилмоққа, сен ҳақингда сўз айтмоққа журъат этдим, Аёл! Бу гал аёл бўлиб эмас, сенинг меҳринг-у сеҳрингга ғарқ шоир бўлиб сўзламакка изн этгайсан.
Сени заифа, ожиза деганлар минг бора ҳақ! Бир оғизгина сўз зарбидан кўнглинг чил-чил синади. Гулнинг шамолидан-да йиқиласан. Битта михни-да, қоқолмайсан, битта данакни-да чақолмайсан! Ҳатто ўзинг дунёга келтирган фарзандни овоз чиқариб койий олмайсан. Бош кўтариб, бош паноҳинг — жуфти ҳалолинг кўзларига тик қарай олмайсан. Дилинг нозик, тилинг нозик, қўлинг нозик, юрар йўлларинг нозик... Ғоят нозиклигингдан бир қошиқ сув билан ютмоқни ҳавас қиладилар. Шу нозиклигинг билан тилларда афсона бўлган журьатларга қандай имкон топасан, аёл?
Дейдиларки, (Усома ибн Мунқиз "Ибратли китоб" XIII аср) дорга тортилаётган ўғли бошида йиғлаётган 80 ёшли кампирнинг қуриган кўксига сут келиб, этаклари ҳўл бўлмиш...
Дейдиларки, очарчиликдан одамлар бирин-кетин қирилаётган пайтда ўзининг-да, силласи қуриган аёл 11 ёшли кенжатой қизалоғига сийнасини тутмиш. Ўзи кундан-кунга ранги сарғайиб борса-да, қизалоғининг ранги қизиллашиб борган эмиш. Фидойи онаси туфайли қизчага очликнинг, ўлимнинг кучи етмаган.
Дейдиларки, "Жигули" автомашинаси шўх ўғлини босганини кўрган она, жон ҳоврида машинанинг бир қанотини даст кўтарган экан.
Сеҳрингнинг сабаби нимада, санам?
Аёл! Сен айтган аллада нима сеҳр борки, сен тебратган бешикда Пайғамбар ўйғонган, Соҳибқирон ўйғонган, шоҳлар, шоирлар, даҳолар ўйғонган. Сен фақат ўсиб-улғайиш, ғолиблик, эзгулик туйғуларини соласан қонга. Сенинг аллангни эшитиб, қиш бағрида баҳор ўйғонади. Кундузги ташвишларга тоб беролмай кетган қуёш алланг сеҳридан эриб, қайта бош кўтарганини билмай қолади. Ой ва юлдузлар ўзларидан жозибалироқ, гўзалроқ ҳилқатни — Аёлни кўриб тун ортига чекинадилар.
Дейдиларким, Соҳибқирон Амир Темур жангчилари ночор аҳволда қола бошлайди, захиралар тугайди. Жанг майдонидан Бибихонимга хазинадаги олтинлардан бериб юборишини сўраб чопар йўллайди. Бибихоним Амир Темурга олтин ўрнига икки оғиз сўз битилган мактуб йўллайди: "Шоҳим, зарингиз тугаган бўлса, сиёсатингиз ҳам тугадими?!".
Эй, Аёл, мактубингда қандай сеҳр бор эди? Соҳибқироннинг имконларини ўзидан ҳам кўпроқ билган сенмидинг? Сенинг ишончингдан кўнгли тоғ қадар юксалишини билармидинг?
Дарҳақиқат, шу мактуб Амир Темурга зарсиз ҳам ғолиб келмоқ йўлини топиб берди. Бу йўлни, бу кучни сен кашф қилдинг, Аёл!
Сеҳрингнинг сабаби нимада, санам?
Ишқингда шоҳларни шоҳона, шоирларни шоирона бўзлатдинг, сўзлатдинг. Бўйларингни, васлингни темир кавушлар титилгунча излатдинг. Сенинг васлингга етаман деб оддий йигитлар Алпомиш бўлди, Фарҳод бўлди, Мажнун бўлди, Гўрўғли бўлди, Рустами достон бўлди. Сенинг ишқинг кўнгилга тушмаганда уларнинг жасоратлари ҳам тилга тушмасди. Улар сени деб ботир бўлдилар, сени излай-излай сенга муносиб бўлдилар. Сенинг ишқинг Алишер деган йигитни Навоий номли буюк даҳога айлантирдики, “Кўргали ҳуснингни зору мубтало бўлдим сенго. Не балолиғ кун эдиким, ошно бўлдим сенго. Ҳар неча дедимки, кун-кундин узай сендин кўнгил, Ваҳки, кун-кундин батаррак ошно бўлдим сенго”, деб гўзал нолалар чекди ул.
Сени деб Самад Вурғун: “Агар сендан тонар бўлсам, насибам оҳу зор ўлсин. Баҳорим қишга айлансин, чечаксиз бир диёр ўлсин. Чаманзорим, боғим, боғчам тўкилсин, бари хор ўлсин. Мозорим ўт олиб ёнсин, бу ишқим ошкор ўлсин!”, деб қасам ичди.
Неча эркак зотини куйингда мажнун, гадо, девона, шоир қиласан? Истасанг васлинг дунёсида шоҳ айлайсан.
Сеҳрингнинг сабаби нимада, санам?
Эр - ярим пир, деб эгиласан. Унинг чап қовурғасидан яралганингга шукроналар айтасан. Алпим дейсан, мардим дейсан, шоҳим дейсан, эгам дейсан. Эгила туриб, сиғина туриб, ўзинг бил¬май, ўзига билдирмай меҳру ишқинг қулига айлантирасан.
Сенинг кўксингга бош урмай туриб, гўдак расо йигит бўлолмайди. Сенинг белингдан қучмай туриб, йигит баҳодирга айланмайди. Сенинг тиззангга бош қўймай туриб, даҳолар даҳо бўлолмайди. Сенинг оёғингга бош урмай туриб эркак юксакликка кўтарилмайди. Сенинг бағрингдан ожизлар куч олади. Чақалоқлар улғаяди. Сен борки, рўзғорлар обод, боғлар гулга, мевага тўла, кўнгиллар шод.
Сен борки, уйга меҳмонлар келади, тўйлар-тўйларга, куйлар-куйларга уланади. Кўчадан уйга фарзандлар "онам қани?" деб, оталар "онанг қани?" деб сўраб киришади.
Сен ҳаётнинг мувозанатисан, Аёл!
Ғазабларни юмшатасан, азобларни енгиллатасан, тезобларни секинлатасан. Мазали таомлар пиширасан, битмас ишларни битирасан, йиртиқ кийимларни ямайсан, дарз кетган кўнгилларни ямайсан. Ширин қизалоқ бўлиб боғларни тўлдирасан. Нозли келинчак бўлиб, кўнгилларни тўлдирасан. Жисмингда гўдак улгаяди. Ўлим ва ҳаёт ёнма-ён турган чоҳга тушиб, қўлларингда фарзанд кўтариб, омон чиқасан.
Сиз айтган аллада гул иси борми,
Тонг иси, ой иси, дил иси борми?
Ғолиб сафарларга кетгай болангиз,
Қуёш иси борми, йўл иси борми?
Хосият БОБОМУРОДОВА,
Ўзбекистон халқ шоири.