“Сифатли таълим – кучли жамият” шиори остидаги II устозлар миллий форуми якунланди, илғор педагоглар тақдирланди

Форумда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги муассасалар директорлари, халқ таълими аълочилари, илғор ва тажрибали педагоглар қатнашди.

Таъкидлаш жоизки, ҳар йили анъанавий тарзда нишонланадиган август кенгашлари энди Устозлар миллий форумига айланган. Форумнинг очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов барча педагогларни давлатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан чтабриклади.

- Хабарингиз бор, биз иккинчи марта устозлар миллий форумини ўтказяпмиз. Бундан кўзланган мақсад шуки, ҳар бир режамиз, ҳаракатимиз пировардида таълим сифатининг ошишига, унинг натижадорлигини таъминлашга қаратилсин, - деди вилоят ҳокими. - Форумда ана шу борадаги вазифаларни аниқлаш, белгилаш ҳамда ижросини таъминлаш чорасини кўриш учун, аниқроғи, юзма-юз, самимий, холисона мулоқот қилиш учун сизларни ушбу анжуманга таклиф этдик.

Очиғини айтсам, сизларнинг нурли чеҳраларингизни кўриб, эҳтирос билан гапиргим келяпти. Негаки, устоз, мураббий қалби оҳанрабодек, киши эътиборини ўзига доимо тортиб туради. Ана шу меҳрдан ўз вақтида баҳраманд бўлганлигим учун ҳам унинг қадрига етаман. Ва сизлардек фидойи, билимдон, зукко, меҳрибон устозлар олдида доимо таъзимдаман.

Давлат янги мактаблар қуриш, эскиларини таъмирлаш, уларни замонавий технология билан жиҳозлаш, ўқитувчи манфаатдорлигини оширишга алоҳида эътибор бермоқда. Буни сизлар ҳам кўриб, билиб турибсизлар. Айниқса, иқтидорли, ташаббускор ўқитувчини рағбатлантириш яхши самара беряпти. Бугунги кунда вилоят бўйича 162 нафар ўқитувчи ҳар ойда ойлик маошидан ташқари 5 ярим миллион сўмдан устама оляпти. Чунки улар шогирдларининг аксарияти олий ўқув юртларига талабаликка қабул қилинган, олимпиадалар, ҳатто халқаро фан олимпиадаларида ғолиб ёки совриндор бўлган. Қувончимиз шуки, бундай ўқувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Шунингдек, форумда сўзга чиққан вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Шокир Султонов ўтган ўқув йилида эришилган ютуқлар, йўл қўйилган хато-камчиликлар, таълим тизимидаги ислоҳотлар, янги ўқув йилига тайёргарлик борасида тўхталиб ўтди. Тадбирда соҳадаги энг муҳим вазифалар муҳокама қилинди.

Жорий йилда 9-синф битирувчиларнинг 3 845 нафари аъло даражали шаҳодатномага эга бўлди. Шунингдек, 11-синф битирувчининг 1601 нафарига олтин ва 172 нафарига кумуш медаллар топширилди.

2022-2023 ўқув йилида мактаб битирувчиларнинг 1238 нафари муддатидан олдин талабалар сафига қабул қилинди. 472 нафар ўқувчи ТОП-1000 таликка кирган олий таълим муассасаларига ўқишга кирди.

Форум доирасида янги ўқув йилида мактабгача ва мактаб таълими тизимида таълим-тарбия сифатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳада устувор йўналишларни белгилаб олиш, Президент мактабларининг илғор тажрибасини кенг жорий этиш, халқаро талаблар асосида ишлаб чиқилган ўқув режа, дастур ва ўқув-методик мажмуаларни самарали жорий қилиш бўйича янги режалар белгилаб олинди. Бир гуруҳ илғор педагоглар тақдирланди.