Сифатсиз қурилишнинг жаримаси 850 минг сўм

Бир ҳамкасбимиз не-не яхши ниятлар билан ниҳоят уй олиш имкони туғилганда жуда хурсанд бўлганди, аммо қурилиш давомида мурожаат этмаган ташкилоти қолмади. Уйнинг қурилиши жараёнида бино учун сифатсиз қурилиш ашёлари ишлатилаётганига гувоҳ бўлди. Бу ҳақда қурилиш ташкилоти раҳбари билан учрашиб, арзини айтди. "Ҳаммаси яхши бўлади", дея арзчини яхши гаплар билан кузатиб қолган раҳбар ўз билганидан қолмади. Уй эгасининг кетма-кет шикоятларидан сўнг "Билганингни қилмайсанми! Қаерга шикоят қилсанг қилавер!" қабилида қўпол гап билан жўнатиб юборди. «Қурилиш ташкилоти раҳбари нега бунчалик ўзига ишоняпти», деган савол кўпчиликни ўйлантириб қўйди. 
Яқинда таълим муассасалари қурилиши, капитал реконструкцияси мавзуси юзасидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ташкил этилди. Унда ҳам журналистлардан таълим муассасалари қурилишидаги носозликлар юзасидан қатор саволлар келиб тушди. 

– Ҳақиқатан ҳам, таълим муассасаларининг сифатсиз қурилишидан энг кўп зиённи ўзимиз кўрамиз, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Р.Йўлдошев. – Мисол учун, ўтган йили вилоят миқёсида 78 та умумтаълим мактабида 66 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари 64 та қурувчи-пудратчи ташкилотлар томонидан олиб борилди. Ушбу объектларни сифатли қилиб фойдаланишга топширган ташкилотлар талайгина. Аммо улар орасида ўз вақтида топширилмаган объектлар ҳам бор. Мисол учун, Қўшработ туманидаги 20, 59-сонли, Ургут туманидаги 17-сонли мактаблар шулар жумласидандир. 

Таълим муассасаларининг сифатли қурилишини таъминлаш юзасидан вилоят ҳокимлиги томонидан танқидий руҳдаги йиғилиш ўтказилди. Қурилиш сифатини назорат қилиш фақат инжиниринг компанияси, давлат архитектура қурилиш назорати инспекцияси, фойдаланувчи ташкилотлар ёки давлат қабул ҳайъати комиссия аъзолари томонидангина амалга оширилмайди. Кенг жамоатчилик, шу жумладан, маҳалла оқсоқоли, ўқитувчилар, ўқувчиларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан иборат жамоатчилик комиссияси ташкил этилади ва улар қурилиш жараёнидан хабардор бўлишга ҳақлидирлар. 

Брифинг давомида ота-оналар, кенг жамоатчилик томонидан Самарқанд туманидаги мактаблардан биридаги сифатсиз қурилиш юзасидан мурожаат қилинмаган ташкилот қолмагани, аммо мурожаат натижасиз экани хусусидаги савол ҳам очиқ қолди. Юқорида мисол тариқасида келтирилган қурилиш ташкилоти раҳбарининг ўзига ишонган ҳолда "Қаерга мурожаат қилсанг ҳам қўлингдан ҳеч нима келмайди!" қабилидаги жавоби-ю, ота-оналарнинг сифатсиз мактаб қурилгани ҳақидаги мурожаатининг очиқ қолаётганида ўхшашлик бордай. 
Бу шубҳага жавобни вилоят давлат архитектура курилиш назорати инспекцияси веб-сайтидан топдик. Унда айтилишича, инспекция томонидан текшириш натижалари бўйича "Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс"нинг 99-моддасига асосан таъсир чоралар қўлланилади. Масалага аниқлик киритиш учун шу моддани тўлиқ келтириб ўтишни жоиз деб топдик. 

Ушбу моддага кўра лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш талабларини, бинокорлик материаллари, конструкциялари ва буюмларини ишлаб чиқаришда техник регламентлар талабларини бузиш, шунингдек, давлат архитектура-қурилиш назорати органларининг кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармаслик:
мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, қурилиши тугалланган бинолар ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш қоидаларини, аҳоли пунктларини ва аҳоли пунктлариаро ҳудудни режалаштириш ва қуриш бош режаларини, лойиҳаларини, тарихий иморатлар жойлашган туманларни реконструкция қилиш режаларини, даҳаларни, мавзеларни ва шаҳарларнинг саноат зоналарини, қишлоқ аҳоли пунктларини қуриш ва ободонлаштириш сифатини, шунингдек, бинолар ва иншоотларнинг архитектура ечимларини бузиш:
мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Хўш, шу пайтгача қанча қурувчи бундай жавобгарликка тортилган экан?

– 2017 йил давомида қурилиши учун рухсат берилган объектлар сони вилоят миқёсида 2 минг 899 тани ташкил этса, уларнинг 2 минг 723 тасида текширишлар олиб борилган, – дейди вилоят давлат архитектура қурилиш назорати инспекцияси бўлим бошлиғи Шокир Илмуратов. – Ушбу объектларнинг 1 минг 516 тасига ижроси мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилган. Шундан 1 минг 322 таси пудратчиларга, 166 таси эса буюртмачи ташкилотларга берилган. Қурилишда ишлатилган 622 миллион сўмлик сифатсиз хомашё иш ҳажмидан чиқариб ташланишига эришилган. 44 та пудратчи ташкилот маъмурий жавобгарлик кўрилиши учун судга берилган. Қурилиш меъёрлари талабларини бузганлиги учун тўхтатилган объектлар сони еттитани ташкил этиб, улар қайта рўйхатдан ўтказилган. 

Маълум бўлишича, ушбу инспекцияда ўн бир нафар инспектор фаолият кўрсатади. Бу уларнинг ҳар бири камида 300 та объектни назорат қилиш керак, дегани. Бир йилда неча кун борлигини ҳаммамиз биламиз. Инспектор ўзи истаган тақдирда ҳам уларнинг барчасини керакли даражада назорат қила олмайди. Бунга вақти ҳам, имконияти ҳам етмайди. Тўғри, буюртмачи ташкилотларнинг ҳам техник инспекторлари бор. Қолаверса, юқорида айтилган жамоатчилик назорати қурилаётган объектнинг лойиҳаси, қандай хомашё ишлатилиши лозимлигидан хабардор бўлиб, ўз вақтида тегишли идорага мурожаат қилиши мумкин. Аммо ўз билганидан қолмаган қурилиш ташкилоти охир-оқибат суд идорасига боради-ю, энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдоридаги жаримани тўлаб, кейинги йили укасининг номига янги ташкилот очиб, яна шу тарзда ишини давом эттираверади-да. Катта бир бинонинг қурилишида хатоликка йўл қўйган қурилиш ташкилоти хатоси учун бор-йўғи бир миллион сўмга ҳам етмайдиган жарима тўлаши тўғрими? Эҳтимол, «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс»нинг шу моддасига жиддий ўзгартириш киритиш вақти келгандир.

Яна бир гап. Ҳали бирор марта буюртмачилар объектнинг сифатсиз қурилгани ё таъмирлангани ҳақида на газетада, на телевидениеда чиқиш қилганини эшитмаганмиз. Оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда чиқиш қилиниши, қурилиш ташкилотининг масъулиятсиз муносабатини ошкор этиши, аввало, унинг манфаати учун хизмат қилмайдими? 

Гулруҳ МЎМИНОВА,
"Зарафшон" мухбири.