Сиз донор бўла оласизми?
Вилоят қон қуйиш марказида марказ шифокорлари, фахрий донорлар ҳамда Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети талабалари, Самарқанд шаҳридаги бир қатор мактабларнинг юқори синф ўқувчилари иштирокида тадбир бўлиб ўтди.
- Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияси бўйича аҳолига қон етарли бўлиши учун минг нафар аҳолига ўнта донор бўлиши керак, - дейди вилоят қон қуйиш маркази бош врачи Р.Алиев. - Бироқ 2021 йилда мамлакатимизда мингта одамга 7 та донор тўғри келган. Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида Президентимиз 2022 йил 9 августда “Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида”ги қарорини имзолади. Унга кўра, фахрий донорларга имтиёзлар берилди, донорлик ҳаракатини кенг жамоатчилик иштирокида ривожлантириш, қон донорларига сифатли хизмат кўрсатиш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш белгиланди.
Тадбирда иштирокчиларга ушбу қарор мазмун-моҳияти, қон топшириш саломатлик учун фойдали экани, турли касалликлар ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли қон алмаштиришга муҳтож беморларнинг ҳаётга қайтишларига катта ёрдам экани тушунтирилди.
Зарифа Қаюмова,
Самарқанд вилояти қон қуйиш маркази шифокори.