Сиз юракни даволайсиз, китоблар қалбни

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Маматқул Ҳазратқулов, Фармон Тошев ҳамда археолог олим Амриддин Бердимуродов иштирокида ижодий учрашув ўтказилди.

Учрашувда юртимиздаги адабий жараён, адабиёт ва сўз санъати аҳлига бўлган эътибор, аҳолининг китобхонлик маданияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

– Аслида, сиз билан бизнинг мақсадимиз бир хил, вазифамиз муштарак – деди таниқли адиб М.Ҳазратқулов. – Сиз ўз билим ва тажрибангиз билан инсонлар юрагини даволайсиз, хасталикларга даво топасиз. Биз эса сўзимиз, ёзаётган асарларимиз билан инсонлар қалбига эзгулик сингдиришга ҳаракат қиламиз, кўнгилга малҳам беришга интиламиз. Юракни асраш учун инсон соғлом турмуш тарзига амал қилиши, тўғри ҳаёт кечириши керак бўлса, унда яхши ниятлар ниш уриши учун адабиётга яқин бўлиши, мутолаа қилиб туриши зарур.

Тадбирда ижодкорлар ўз ҳаёти, кўрган-кечирганлари мисолида бадиий адабиёт, сўз санъатининг инсон камолотидаги ўрни ҳақида ибратли воқеаларни ҳикоя қилиб берди.

Муассаса кутубхонасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Олтин мерос” халқаро фонди томонидан ажратилган китоблар совға қилинди.