Скелетлар қирғоғи
Бу Африкадаги Намибия саҳросининг Кунен ва Угад дарёлари оралиғида жойлашган. Бу жой жумбоғи асрлардан буён одамларни қизиқтириб келади.
Намибия мамлакатига тегишли сирли қуруқлик 500 минг километрдан зиёд. Сайёрамизда бундай ҳаёт нишонаси бўлмаган жойни учратиш амримаҳол. У ўзининг мунгли ва кўнгилда хавотир уйғотадиган “Скелетлар қирғоғи” номини бежизга олмаган.
Саҳронинг океан қирғоғидаги бу бўлаги ҳақиқатдан одамлар ва ҳайвонлар қолдиқлари билан тўлиб-тошган. Осмондан олов пуркаётган қуёш остида узоқ йиллар сочилиб ётган суяклар жазирама иссиқ ва шамол таъсирида ақлбовар қилмас даражада оппоқ сайқалланган.
Одам суякларининг бу қуруқликда пайдо бўлиши асрлар давомида атрофдан ўтган кемалар тез-тез ҳалокатга учрагани билан изоҳланади. Жон сақлаб қолишга уринган денгизчилар чўкаётган кемадан, табиийки, қирғоққа интилишган. Аммо бу ерда ҳаёт нишонаси бўлмаганлиги, жазирама иссиқ ҳароратнинг кеча-ю кундуз кузатилишидан ўлимга маҳкум бўлишган. Саҳрода озуқа ҳам, бошпана ҳам топишнинг сира иложи бўлмаган.
Аммо асримизнинг бошларида бу ерга тез-тез келиб турадиган экспедиция вакиллари бу “сир” билан боғлиқ ҳолатнинг калаванинг учини топишгандай бўлди. Гап шундаки, улар маҳаллий балиқчиларнинг бир ҳикоясини тинглаб, синчиклаб ўрганишга киришди. Улардан бирида балиқчилар қирғоқда бир куни боши танасидан жудо қилинган тўққизта скелетни, сал нарида мурғак бола қолдиғини топишган. Уларнинг ҳар бири кўкрагида қандайдир тилда ёзилган тахтача бўлган. Афсуски, ҳеч ким уни ўқий олмаган.
Намибия саҳросидаги скелетлар “сир”ини ҳамон олимлар очиша олмаяпти.
Т. Шомуродов тайёрлади.