“Доктор Кобра” “Шуҳрат”ли бўлди

Алишер Ёрматов номи бугун нафақат Самарқанд, балки мамлакатимиз аҳлига жуда яхши таниш бўлиб қолди. У кишининг илонларга ўзгача меҳри-ю, ҳаёти давомида 32 марта ўлим билан юзма-юз келгани ҳақидаги гаплар аллақачон кўпчиликнинг қулоғига етиб борган.

Ҳақиқатан ҳам табиатга ошно бу инсон одамларни даволашда фақат табиатнинг ўзидан, аммо эҳтиёткорона фойдаланиш керак, деб ҳисоблайди. Гарчи бир неча марта ўлим билан юзма-юз келса-да, илонларга муносабатини ўзгартирмагани, аксинча, уларни асраш, кўпайтириш бўйича яна ҳам ғайрат билан ишга киришганини кузатиш мумкин.

"Гиннеснинг рекордлар китоби"га киришни мақсад қилган табиб яқинда Президент фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси аъзоси, "Халқ табобати фидойиси" кўкрак нишони соҳиби Алишер Ёрматовни хавфли кобралар тилини топишга нима ундаётгани, бу қизиқишларига сабаб нималиги билан қизиқдик.

- Эътибор берсангиз, тиббиёт муассасалари рамзига айланган идишга заҳар солаётган илон тасвири бор. Бу бежиз эмас, - дейди “Шуҳрат” медали соҳиби Алишер Ёрматов. – Илон заҳрининг фойдали жиҳати қадим-қадимдан маълум бўлган, ундан фойдаланилган ҳамда кейинчалик саноат усулида ишлаб чиқарилган дори воситаларида ҳам ушбу заҳар ишлатилган. Мен болалигимдан илонларга қизиққанман, улар билан мулоқот қилганман. Ким билсин, балки ҳамма қўрққани учун, бу қўрқув менга бегона эканлигини ўзимга исботлагим келганми ёки табиатан шунақа қизиқишим кучли бўлганми, илонлар жуда ақлли жонивор эканлигини, улар ҳеч қачон одамга биринчи бўлиб ҳамла қилмаслигини ўша пайтиёқ тушунганман.

Тўғри, уйимизда илонларни сақлай бошлаганимда кўп норозиликларга дуч келдим. Лекин барчасини енгиб ўтдик, яхши гап, тўғри муомала билан.

Бундан йигирма йиллар аввал қўлимга академик Павловскийнинг бир китоби тушиб қолди. Ўша китобда илонларнинг заҳри билан даволаш усуллари ҳақида ўқидим ва бунга қизиқиб, турли манбалар билан танишиб чиқдим. Шундан кейин илон заҳрини олиш ва ундан фойдаланишни аввал ўзимдан бошладим. Натижасини сездик, фарзандларим саломатлиги учун уларни қўлладим. Илонлар заҳрини олиш чоғида эҳтиётсизлигим ва тажрибасизлигим сабаб бир неча марта улар мени чақди. Баъзи бармоқларим яроқсиз ҳолга келди ҳатто. Лекин бошлаган ишимни тўхтатиб қўймадим. Изландим, ўргандим, ўнлаб хориж давлатларида бўлдим. Кўплаб хасталикларни айнан илон заҳри билан даволаш сирларини ўргандим ва бугунги кунда ўнлаб хасталикларни шу усулда ҳолда даволаб келяпман.

Алишер Ёрматов илон заҳридан малҳам, бальзам ва уколлар тайёрлайди. Нуробод туманининг Жом қишлоғида туғилиб ўсган табиб шу ерда саломатлик маркази барпо этиб, одамларни даволаяпти. Ҳатто саратон хасталигини даволаб, натижага эришгач, у кишидан шифо истаб келувчилар сони ошди.

- Одамларнинг жуда кўп кимёвий дорилар истеъмол қилиши уларнинг саломатлигига жиддий зарар келтиради, - дея суҳбатни давом эттиради табиб. - Илон заҳри эса инсон иммунитетини кўтаради, унинг саломатлигини яхшилайди. Пандемия пайти оила аъзоларимиздан бирортаси коронавирусга чалинмади. Бу ҳам илон заҳрини маълум меъёрда, профилактика учун истеъмол қилаётганимиз туфайли. Биз тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда ишласак, жуда катта натижаларга эришишимиз мумкин.

Алишер Ёрматовнинг бу ишини бугун фарзанд, неваралари ҳам давом эттирмоқда. Ҳаётини хавф остига қўйиб, 32 марта ўлим билан юзма-юз келган бу инсоннинг ҳаёт ва фаолияти ҳақида гапирсангиз, катта китоб бўлади. Ахир табибнинг ҳаёти мазмунига айланиб кетган бу улкан қизиқиш, ҳалиям катта режаларга ундаётган, “Доктор Кобра” тахаллусини берган табиатнинг бу жониворлари билан сеҳрли дўстлик ноёб ҳодиса-да.

Гулруҳ МЎМИНОВА.