Собиқ ўқувчилар ўзлари таҳсил олган мактаб синфхоналарини таъмирлади, замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозлади
Эзгу ва хайрли ишнинг эрта-кечи йўқ, дейишади. Самарқанд шаҳридаги “Боғи баланд” маҳалласида жойлашган 62-умумий ўрта таълим мактабининг собиқ ўқувчиларидан бир гуруҳи ўзлари таҳсил олган маърифат ўчоғи синфхоналарини таъмирлаш ва замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозлаш ташаббуси билан чиқди.
Бу савобли ишни дастлаб мазкур таълим муассасасининг собиқ ўқувчиси, тадбиркор Азиз Мусинов бошлаб берди. У мактабнинг биринчи синфида таҳсил олаётган ўқувчилар хоналаридан бирини ўз маблағи ҳисобидан таъмирлаб, сўнгги русумдаги замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозланишига бош-қош бўлди ва ушбу синфхона унинг устози, кўп йиллар ёшларга сабоқ берган марҳум Убайдуллоҳ Раҳмонов номи билан аталди.
Мазкур синфхонанинг тақдимот маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосар Хуршид Очилов иштирок этди ва мамлакатимизда, шу жумладан вилоятда давлатимиз томонидан ёш авлод камолоти йўлида кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар, шунингдек халқ таълими жонкуярларидан бири Убайдуллоҳ Раҳмоновнинг янги педагогик технологияларни амалиётга жорий этиш, таълим-тарбия самарадорлигини ошириш борасидаги хизматлари ҳақида тўхталди.
- Убайдуллоҳ Раҳмонов 40 йил ушбу даргоҳда ишлаб, рус тили, она тили ва адабиёт фанларидан ўқувчиларга сабоқ берган, - дейди “Боғи баланд” маҳалласи раиси Олим Абдусалимов. - Ҳозирги пайтда у кишининг шогирдлари юртимиздаги турли жабҳаларда фаолият олиб бормоқда.
Тақдимот маросимидан сўнг иштирокчилар янги таъмирланган замонавий синфхонада ўқитувчи ва ўқувчиларга яратиб берилган шарт-шароит ҳамда қулайликлар билан танишди.
- Синфхонамиз ҳомийлар томонидан таъмирланди, - дейди ўқитувчи Дилшода Ҳамроқулова. – Жиҳозлар ўзимизнинг депутат томонидан келтирилди. Синфнинг номини устозимиз номларига атаб қўйдик.
Бундан ташқари, мазкур мактабда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими томонидан ушбу таълим муассасасининг собиқ ўқувчиси, вилоят “Овози Самарқанд” газетаси бош муҳаррири Баҳодир Убайдуллоҳ (Раҳмонов)нинг “Отамнинг сабоқлари” деб номланган китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.